Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Алоқачи Ўткир Мирзаалиев қандай қилиб миллионерга айланди?

Алоқачи Ўткир Мирзаалиев қандай қилиб миллионерга айланди?

Фото: «Xabar.uz»

Сайхунободлик Ўткир Мирзаалиев 32 йилдан буён алоқа соҳасида хизмат қилиб келади. Ўрта мактабдан сўнг 1986-1989 йилларда Тошкент алоқа политехникуми (ҳозирги алоқа касб-ҳунар коллежи)да таҳсил олган. Туман алоқа боғламасида оддий электромонтёрликдан иш бошлаган. Мана 13 йилдирки, Сайхунобод туман телекоммуникациялар боғламасини бошқариб келади.

Ўткир ака қизиқувчан ва изланувчан инсон. Парранда боқишга ишқи тушганидан шу йўналишдаги адабиётларни ўқишни канда қилмайди. Ишдан бўш вақтларида аввалига бройлер товуқларни боқиб кўрди, ҳозир ҳам хонадонида 150та товуғи бор. Мамлакатимизда бедана боқишга эътибор кучайганидан бери яна тинчи йўқолди. Шу кичик, ўзининг таъбири билан айтганда, «сирли» паррандани боқишга киришиб кетди. Бугунги кунда хонадонида қарийб уч мингта бедана бор. Кунига улардан ўртача 2500та тухум олинади. Ҳар ойда бедана тухуми сотуви ва уни кўпайтириб сотишдан Мирзаалиевлар олти миллион сўм фойда кўряпти.

Фото: «Xabar.uz»

Давлатимиз раҳбари яқинда Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Мирзаобод туманида бир гуруҳ наслли йилқичилик, чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланадиган тадбиркорлар билан учрашган эди. Ана шунда Ўткир ака ҳам оилавий тадбиркорлик фаолиятлари ҳақида Президентимизга сўзлаб берди.

– Президентимиз вилоятимизга келганларида «Битта-ю битта мезон бор: меҳнат қилиш мезони. Меҳнат қилмаган юрт, эл, қайси вилоят бўлишидан қатъи назар ҳеч қачон натижага эриша олмайди, бу табиий нарса. Агар мана шу ишларни, саноатимизни ривожлантириб, бизнесни ривожлантириш қўлимиздан келолса, Сирдарёга тенг бўладиган вилоят бўлмайди. Сирдарёнинг  тақдири сизларнинг қўлларингда», деб айтдилар, – дейди суҳбатдошимиз. – Албатта, бундан катта куч олдим. Туманимиздаги 50та оилага бедана боқишни ўргатишга ёрдам беришни мақсад қилдим. Туман ҳокимлиги ҳам бу борада ўз кўмагини бермоқчи. Ҳамкасбларимиз орасида ҳам қўшимча даромад топиш ниятида тадбиркорликнинг шу турига қизиқувчилар бор. Уларга ҳам қўлимдан келган ёрдамимни аямайман.

Фото: «Xabar.uz»

– Ишдан бўш вақт топишим билан беданалар олдига чопаман, – дейди Ўткир ака кулиб. – Унинг турган-битгани фойда. Биринчидан оилангиз билан қўшимча даромад топасиз. Иккинчидан, унинг гўшти ва тухуми шифобахшлигини айтмайсизми? Қўшимча даромад ортидан ўғилларим – Дилшод ва Муҳриддинларни уйлантирдим, уй-жой қилиб бердим, қизимни узатдим. Рўзғоримиз бут, невараларни тарбиялаяпмиз, меҳнат қилган одам кам бўлмайди. Фақат ҳафсала керак.

Тадбиркорлик ортидан даромад топаётган, ҳамкасбларига ҳам шу бизнесни ўргатишни ният қилган Ўткир Мирзаалиев билан уюштирилган мақолани «Xabar» газетасининг навбатдаги сонида ўқийсиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг