55 йил олдин қурилган эски цехлар ёпилади. Президент«Навоийазот»га борди
Президент Шавкат Мирзиёев «Навоийазот» акциядорлик жамиятида барпо этилаётган янги корхоналар қурилишини бориб кўрди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
«Навоийазот» АЖ қарийб 9 минг ишчи-муҳандис меҳнат қиладиган, 70 дан ортиқ ноёб маҳсулот ишлаб чиқарадиган улкан корхонадир. Уни модернизация қилиш, қувватини кенгайтириш мақсадида учта йирик инвестицион лойиҳа режалаштирилган эди.
Давлатимиз раҳбари шулардан иккитаси – аммиак ва карбамид ҳамда азот кислотаси ишлаб чиқариш корхоналари қурилишини кўздан кечирди.
Биринчи лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлиб, унинг самарасида йилига 660 минг тонна аммиак ва 580 минг тоннадан зиёд карбамид олиш имконияти яратилади. 500 га яқин иш ўрни пайдо бўлади. Корхонани келгуси йили ишга тушириш, йилига 136 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.
Япониянинг «Mitsubishi Heavy Industries» ва «Mitsubishi Corporation» компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда қурилаётган янги корхонада замонавий технологиялар қўлланиши эвазига йилига 735 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалади, атмосферага чиқадиган карбонат ангидрид газлари миқдори ҳам камаяди.
Президентимиз корхонанинг ишчи ва муҳандислари билан суҳбатлашди. Бундай ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳимлигини, юқори самарадорлиги билан кўплаб тармоқларга, халқимизга катта манфаат келтиришини таъкидлади.
«Навоийазот»да қурилаётган яна бир йирик корхона – Азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуасидир. Умумий қиймати 217 миллион долларга тенг ушбу объект Швейцариянинг «CASALE SA» компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилмоқда.
Бу корхона йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бўлади. Ҳозирги кунда ускуна ва жиҳозлар ўрнатилиб, қурилиш-монтаж ишлари якунланмоқда. Уни 2020 йил февраль ойида ишга тушириб, март ойида биринчи маҳсулот чиқарилиши режалаштирилган.
Шу тариқа 55 йил олдин қурилган, ҳар томонлама эскирган азот кислотаси цехлари фойдаланишдан чиқарилади. Энг муҳими, 1 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш учун электр энергияси сарфи 18 баробар камаяди, ҳавони ифлослантирадиган 150 минг тонна миқдоридаги газлар тутиб қолинади.
Давлатимиз раҳбари бу омил Навоий вилояти экологияси, ҳаво мусаффолиги, аҳоли саломатлиги учун ғоят муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Айтиш жоиз, дунёда бу турдаги заводлар фақат икки давлатда – Франция ва Чехияда мавжуд, «Навоийазот»да барпо этилаётгани учинчиси ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter