Яна «Оқдарё воқеаси» ҳақида: шиор қонундан устунми?
Оқдарёда аёл кишининг таҳқирланишига оид хабар сайтимиз муштарийларини беэътибор қолдирмади. Муносабат билдираётганларнинг аксарияти аёлга нисбатан қилинган ноинсоний хатти-ҳаракатларни қоралашаётгани алоҳида таъкидга лойиқ. Албатта, ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари кетаётир. Мазкур жиноят иши юзасидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган. Яхши.
Бироқ танганинг орқа томони ҳам бор. Хабарга муносабат билдирган ўқувчиларимиздан бири — Обид Омонов аёлнинг таҳқирланишини, бу ҳолатда жиноят манаман деб турса-да, масала маъмурий иш очиш билан якун топгани сабабларини кўпгина маҳалла фуқаролари йиғинлари биносига осилган «Менинг маҳалламда жиноят бўлмайди» шиори билан боғлайди. Нега?
«...МФЙлардаги «Менинг маҳалламда жиноят бўлмайди!» деган шиорга ушбу видеонинг қай даражада алоқаси борлигини тушунтираман, — деб ёзади О. Омонов. — Маълумотим олий юридик бўлганлиги сабаб тажрибаси кам профилактика инспекторлари мендан ЖПК, МЖтК бўйича маслаҳатлар сўрашади. Шунда уларга жиноят содир этган шахсга нисбатан албатта иш қўзғатиш шартлигини тушунтираман. Бироқ жуда кўпчилиги — жиноят иши қўзғатилишига раҳбарияти (шаҳар/туман/вилоят ИИБ) томонидан йўл қўйилмаётганлиги, чунки жиноятчилик сони ошиб кетса, уларга «минус» бўлишлигини айтишади. Демоқчиманки, оқдарёлик аёлнинг дардини эшитган ИИБ ходимида ҳам жиноят ҳодисаси юз берганлигига ишончи комил бўлган. Бироқ, катта эҳтимолки, «Менинг маҳалламда жиноят бўлмайди!» деган шиорга «ҳурмат юзасидан» жиноят иши қўзғатишни рад қилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид баённомалар тузиш билан чекланиб қўяқолган. Бу ҳол «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмайди!» деган шиор қонундан устун бўлиб кетаётганини кўрсатмайдими?
Хўп, профилактика инспекторининг профессионал салоҳияти пастроқ, дея қолайлик. Аммо, туман прокурори-чи? У қаерга қараган? Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 333-моддасида тартибида жиноят иши қўзғатиш рад қилинган қарорнинг қонунийлиги ўрганилмаганми?
Оқдарё туман ИИБ ҲПБ ИИО ТП профилактика инспекторининг жиноят иши қўзғатишни рад қилиш қилиш ҳақидаги қарори, уни тасдиқлаган Оқдарё тумани ИИБ бошлиғи ва қонунийлигига хулоса қилган Оқдарё туман прокурорига нисбатан тегишли чора кўрилса, қонун устуворлиги хусусида бемалол гапириш мумкин бўлади».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter