Яна Олий суднинг «оғриқли нуқта»си ҳақида
«Advokat» журналида чоп этилган «Олий суддаги оғриқли нуқта ёки мурожаатлар билан ишлаш тизими ислоҳотга муҳтожми?» сарлавҳали мақола бўйича «Xabar.uz»да муносабат эълон қилингач, мавзу яна янгиланиб, муносабатлар оқими кўпайди, деб ёзмоқда «Advokatnews.uz» сайти. Ўтган сафар улардан айримларини эътиборингизга ҳавола қилган бўлсак-да, жонли мисол билан асослантирилган қуйидаги муносабатни ҳам эътиборсиз қолдира олмадик...
«Ушбу мақолага адвокатлар томонидан билдирилаётган деярли барча фикрлар жуда ўринли бўлиб, улар амалиётда ўзлари дуч келган ҳолатлар асосида ёзмоқдалар, — дейилади Қўқон шаҳридаги «Ҳақиқат тарафдори» адвокатлар ҳайъати адвокати Неъматулло Шаҳобидинов изоҳида. — Ҳар бир жамиятда шахсларнинг бошқалар, жумладан, давлат идоралари томонидан бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилишни сўраб судга мурожаат қилиши механизми мавжуд. Шу йўл билан шахснинг бузилган ҳуқуқлари тўлиқ ёки қисман тикланишига эришилади. Аммо мазкур жараёнда суднинг ўзи қонун нормаларини очиқ-ошкора ва қўпол равишда бузиб турса-чи?
Бундай бедодлик қандай оқибатларга олиб келишини тушуниб етишимиз учун Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қуйидаги сўзлари етарли деб ўйлайман: «Суд ҳокимиятнинг учинчи тармоғидир. Давлатнинг обрўси, жамиятнинг обрўси суд органлари ва судьяларнинг қонун меъёрларига қанчалик риоя қилишига, улар қабул қилган қарорларнинг адолат меъёрларига мос келишига бевосита боғлиқдир».
Бизда эса, минг афсуски, Олий суд судьялари ва ходимлари томонидан мурожаатларга умуман асоссиз ва мантиқсиз жавоб берилиши, энг муҳими, қайд китобларига мурожаатлар гўёки «ўрганилган ва жавоб берилган»дек ҳисоботлар киритиб қўйилиши механизми шаклланган. Агар ушбу амалиётдан Олий суд раисининг ҳам хабари бўлса, демак, ундан Олий суднинг бутун жамоаси манфаатдор деган тушунча пайдо бўлади (чунки аввал хабардор бўлмаса ҳам кейинги мақолалардан сўнг албатта хабар топганига ишонамиз).
Энг ёмони, бундай «ўхшаши йўқ» амалиётнинг кундан-кунга ривожланиб, оддий ҳолга айланиб бораётганлиги, на раис, на бошқа раҳбар ходимлар мурожаатларга бундай кўзбўямачилик ва юзакилик билан жавоб бериш орқали давлатимизнинг халқаро нуфузи ва обрўйига салбий таъсир қилаётганлари ҳақида, судларга нисбатан ишончсизлик тобора ортиб бораётганлиги борасида қайғурмаётганидир. Ахир Олий суд раисига ёзилган асосли мурожаатни умуман ваколатсиз бўлган, бор-йўғи мурожаатларни рўйхатга олиш ва ижросини ташкиллаштиришгагина масъул бўлган бошқарма бошлиғи ўзича муҳокама қилиб қайтариб юбориши бизнинг Олий суддан ташқари яна қаерда бор? Аслида мурожаатлар билан ишлаш бошқармасининг вазифаси мурожаатларни тегишлилиги бўйича саралаб, мутасаддига чиқариш ва уларнинг жавоби мурожаат эгасига белгиланган муддатда етказилишини таъминлашдан иборат эмасми?
Эътирозларим қуруқ гап бўлиб қолмаслиги учун ўз фаолиятимда учраган бир мисолни келтирмоқчиман. Фуқаролик иши бўйича менга ишонч билдирувчи фуқаро Ю. 2017 йил 28 июнь куни Олий суд қабулхонасига кириб (ўша куни раис ўринбосари Х.Ёдгоровнинг қабули куни эди), биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ижросини тўхтатиш ҳақидаги апелляция инстанцияси судининг 2016 йил 23 августдаги ажримидан норози бўлиб шикоят топширган. Аммо ушбу шикоятга мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи И.Қурбанов томонидан 2017 йил 14 июлдаги №12-172-17-сон хат билан «Олий судга ёзган аризангиз ФПКнинг 350-моддаси 4-қисми талабига асосан 3 йил муддат ўтиб кетганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилди» деган мазмунда жавоб берилган. Ваҳоланки, шикоят қилинаётган ажрим чиққан сана билан шикоят қилинаётган вақт ораси атиги 10 ой (Буни ўзингиз ҳам ҳисоблаб кўришингиз мумкин)...
Бу ҳам майли, энг қизиғи, худди шу ажрим бўйича қарши тарафнинг аризаси иш юритувига қабул қилиниб, кўриб чиқилган. Яъни айнан ўша куни — 2017 йилнинг 28 июнида раис ўринбосари қабулига ушбу фуқаролик иши бўйича манфаатдор шахс ҳам худди ўша апелляция суди ажримидан норози бўлиб назорат тартибида шикоят топширган ва шунга асосан Олий суд раиси ўринбосари томонидан ўша ажримга нисбатан назорат тартибида протест киритилган. Шунингдек, бу протест 2017 йилнинг 18 июль куни фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилган ва ажрим даъво муддатини қўллаб рад қилинган. Бунинг устига, ушбу протест ва суд мажлиси тўғрисида фақат манфаатдор шахсларгина хабардор қилиниб, иштироки таъминлангани ҳолда даъвогарлар судга чақирилмаган. Суднинг ажрими эса август ойининг бошларида даъвогарларга эмас, балки менинг уй манзилимга юборилган.
Шундан кейин мазкур суд ажримининг мутлақо асоссиз ва ноқонуний эканлиги, манфаатдор шахснинг аризасига асосан даъво муддати нотўғри қўлланилганлиги ҳақидаги фикрларимизни бир неча бор Олий суд раисига ва қабулдаги бошқа судьяларга тушунтирдик. Улар ҳар сафар қабул вақтида бизнинг важларимизни эшитиб, тасдиқлашади, лекин орадан вақт ўтиб, шикоятларимиз рад этилгани ҳақидаги яна ўша «шаблон» жавобларни олаверамиз...
Шу ҳолатнинг ўзи ҳам Олий суд томонидан шикоятлар умуман юзаки ўрганиб чиқилишини ёки ўзлари учун қулай усулда ҳал қилиш амалиёти ишлаётганини яққол кўрсатиб турибди.
Хуллас, вазият шу даражага етган экан, судьяларнинг ва бошқа ходимларнинг бундай асоссиз ҳаракатларига жавобгарлик масаласини қонунчиликда белгилаш лозим. Зеро, дунё амалиётидан маълумки, мансабдор шахслар ўз мажбуриятларини бузмагандагина бошқа шахслар ҳуқуқларининг дахлсизлиги таъминланади...»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter