Хотини ва қайнонасига оғир тан жароҳати етказган шахс қамалди
Бухорода хотини ва қайнонасига оғир тан жароҳати етказган шахс суд ҳукми билан қамалди.
Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди раиси Акрам Раҳимовнинг «Xabar.uz» га маълум қилишича, зўравон эр қамалгунга қадар ҳам фирибгарлик (ЎзРЖКнинг 168-моддаси) содир қилган бўлган.
Сурункали оилавий келишмовчиликлар сабаб уч нафар фарзанди билан хотинини онасининг уйига ҳайдаб юборган Вобкент туманилик Миршод Одилов орадан бир неча ой ўтгач, тонгги соат 04:00 ларда маст ҳолатда қайнонаси Шоҳида Омонованинг хонадонига келади. Дарвоза қулфлиги ва ҳамманинг ухлаб ётганидан фойдаланиб, девор оша ҳовлига тушади.
Суд ҳужжатларига кўра, ҳовлига яширинча кирган Миршод уч нафар фарзанди билан бир хонада ётган хотини Нигора Самиевани уйғотган. Аёл ўзи ва фарзандларининг хавфсизлигидан қўрқиб, эри билан яхши муомалада гапиришга мажбур бўлган. Аввалига болалари билан тинчгина гаплашган Миршод яна аёлига нисбатан дўқ-пўписа қила бошлаган.
Нигора эридан ҳовлидан жанжалсиз чиқиб кетишини, онаси ёки укаси кўриб қолгудек бўлса, катта жанжал чиқишини билдирган. Шунга қарамай, Миршод хотинини камситиш ва ҳақоратлашда давом этаверган.
Тонг саҳарлаб жанжаллашувни эшитган қайнона ҳовлиқиб, қизи ва невараларининг хонасига отилган. Шу топда куёви унинг олдидан чиқиб қолган. Ўзаро тортишув, жанжал кучайган. Миршод ҳақоратомуз сўзлар билан қайнонаси ва хотинининг қадр-қимматига, шаънига теккан. Бу ҳам етмагандек, жаҳлланган эр хотинини дарвозахонагача судраб бориб, сочларини чангаллаб тортқилаган кўйи унинг бошини бир неча марта деворга урган. Қизининг куёви томонидан калтакланаётгани аламида қайнона унинг ёқасига ёпишган. Куёв эса қайнонасининг кўксидан зарб билан итариб, уни уриб, тепа бошлаган. Болаларининг кўз ўнгида хотини ва қайнонасини таҳқирлаб, уларни ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, ҳар иккисини ҳам уриб, тепишдан тўхтамаган.
Нигоранинг укаси Мирсаид жанжал ва тўполонни эшитиб, ҳовлига отилган. Поччасини огоҳлантириб, ҳовлидан чиқиб кетишини талаб қилган. Бу пайтда қўни-қўшнилар ҳам хавотир олиб, уларнинг ҳовлисига тўпланишган ва Миршодни инсофга чақиришган. Ички ишларга хабар беришган. Қайнонасининг ҳовлисидан чиқиб кетишга улгурмаган Миршод участка нозири томонидан ушланган.
Зўравон бу пайтгача хотини ва қайнонасини ўта шафқатсиз усулда уриб, тепкилаб, камари билан ҳам кўп бор калтаклаган бўлган. Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали Вобкент туман пунктининг хулосасига кўра, хотини ва қайнонасига ўрта оғир тан жароҳати етказиб, улар соғлигининг ёмонлашишига сабаб бўлган.
Маълум бўлишича, Миршод ушбу вақтда Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси (Фирибгарлик)нинг турли бандлари билан айбланиб, 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 6 ойу 17 кунини ҳали ўтамаган бўлган. Мазкур жиноий ҳатти-ҳаракатига кўра, у бир йилча илгари у «Ўзбекистон Темир йўллари» АЖга қарашли «Бухоро минтақавий темир йўл узели» унитар корхонаси ҳарбийлаштирилган ўт ўчириш ўқчилик командаси ўқчиси лавозимидан четлатилган бўлса-да, аввалдан ўзига таниши фуқаро Малик Ғаниевни унитар корхонага ишга жойлаштиришга ваъда бериб, эвазига ундан 1200 АҚШ доллари ундириб олган бўлган. Бироқ, орадан кўп вақт ўтса-да, Малик Ғаниевга турли важлар келтириб, уни ишга жойлаштириш масаласини пайсалга солиб келаверган. Малик Ғаниев эса ҳуқуқ-тартибот органларига муроажаат қилишган мажбур бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар суриштирув ишлари давомида Миршод Одиловнинг Бухоро минтақавий темир йўл узели» унитар корхонасидан бир неча ой илгари ишдан бўшатилгани, Малик Ғаниевга тегишли бўлган 1200 миқдоридаги АҚШ долларини ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборгани очиқланган. Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди ҳукми билан Миршод бир йилга ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланган бўлган.
«Айбдор ҳар икки жиноий ҳаракатлари оқибатини била туриб, қасддан содир қилган. Миршод Одиловга хотини ва қайнонаси саломатлигига жиддий зиён ектказгани учун 3 йил 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди»,— деди суд раиси.
У тайинланган жазони манзил-колонияларда ўтайдиган бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter