Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижонда бир оилани ваҳшийларча ўлдирган қотилга умрбод қамоқ жазоси тайинланди

Андижонда бир оилани ваҳшийларча ўлдирган қотилга умрбод қамоқ жазоси тайинланди

Фото: «vremya-bir.ru»

2017 йил декабрь ойининг охирлари, аниқроғи, Янги йил байрами арафасида Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани «Хидирша» маҳалла фуқаролар йиғинида содир этилган даҳшатли жиноят ҳақида эшитган борки, барча ларзага тушди. Булоқбошилик 27 ёшли Азизбек Абдуқаюмов икки аёл, етти ёшли қизча ва олти ойлик гўдакни ўлдириб, ёқиб юборган эди...

«ЎзА» мухбири воқеа тафсилотларига батафсил тўхталди.

Азизбек маҳаллада ўз ўрнига эга оилада тарбия топди, уйланди, икки фарзанднинг отаси бўлди. Фарзандларининг каттаси беш, кичиги уч ёшда. У ўқимади, бирор касб-ҳунарнинг бошини тутмади. Ўзига тегишли «Дамас» автомашинасида киракашлик қилиб, тирикчилик ўтказарди.

Икки йилча аввал, 1989 йилда туғилган, Хўжаобод туманидаги Хидирша маҳалласида яшовчи турмушидан ажраган, бир нафар қизи бўлган Феруза исмли аёл билан танишиб қолади. Уларнинг муносабати кундан-кун яқинлашиб боради. Ферузанинг ота-онаси ҳам ажрашиб кетган, отаси бошқа рўзғор қилган, онаси эса бир неча йилдан буён Россияда ишлаб юрарди. Феруза қизи Гулчирой билан бирга яшарди. Ундан отаси билан яшаётган акаси, бувиси билан яшайдиган синглиси тез-тез хабар олиб туришарди. Энди Азизбек ҳам бу хонадонга серқатнов бўлиб қолади. Оиласи, гулдай икки фарзанди бўла туриб, Феруза билан шаръий никоҳдан ўтиб, бирга яшай бошлади. Минг афсуски, уларнинг хуфиёна муносабатларидан на Ферузанинг ота-онаси, на Азизбекнинг оиласидагилар хабар топмади, маҳалла-кўй, қўни-қўшни эса у қадар эътибор бермади.

2017 йилнинг июль ойида улар фарзандли бўлади. Вақт ўтиб, ўрталаридаги муносабатлар совуқлаша бошлади, арзимас нарса учун ҳам тез-тез жанжал чиқадиган бўлиб қолди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, Феруза «мендан хабар олмаяпсан, жавобимни бер, сен билан яшашни хоҳламайман», деган қатъий талаб қўйди.

Ҳамма Янги йил байрамини кутиб олишга тараддуд кўраётган 30 декабрь куни Азизбек тушдан кейин Ферузанинг уйига келади. Уйда ким борлигини, болалар нима қилаётганини сўрайди. Синглиси Наргиза келгани, ювинаётгани, қизи Гулчирой уйда ўйнаётгани, ўғли Икромжон эса бешикда ухлаётганини айтади. Уларнинг ўртасида яна жанжал бошланади. Феруза «Жавобимни бер», дейди қатъий овозда. Турмуш ўртоғини шахсиятга тегадиган сўзлар билан «сийлайди». Асаблари дош беролмаган Азизбек шаръий никоҳдаги хотинини «талоқ» қилади. Бешикда ухлаётган фарзандининг олдига кирмоқчи бўлганида хотини йўлини тўсиб, «йўқол, болани кўришга ҳаққинг йўқ, бола сендан эмас», дея яна жанжал кўтаради. «Қўлингдан келса, сўйиб ташла» деб унинг ёқасидан олади. Жаҳл отига минган Азизбек зинада турган хўжалик пичоғини олиб, Ферузанинг бўйнига тортиб юборади. Йиқилган хотинини ўлди, деб ўйлаб кетиш учун дарвоза томон юрганида Ферузанинг ҳали оила қурмаган 22 ёшли синглиси опасининг аҳволини кўриб, қичқириб юборади. Ўзини тута олмаган Азизбек пичоқни олиб қайнсинглисини ҳам ўлдиради. Ҳали жони узилмаган, лекин қонга беланган Феруза ўрнидан туриб, кўча томон югураётганида уни тўхтатиб, бир неча жойига пичоқ санчади.

Инсон бу қадар разилликка бориши мумкинми? Бақир-чақирлардан қўрқиб ичкари уйда ўйнаб ўтирган етти ёшли Гулчирой чиқиб онаси ва холасининг қонга беланиб ётган жасади устида дод солади. Азизбек эса унга «қизим, қўрқма» дея ичкарига олиб кириб, гувоҳ сифатида уни ҳам ўлдиради.

Ҳамма мурдани битта хонага олиб кириб бўлган Азизбек бешикда чинқириб йиғлаётган ўғли Икромжоннинг овозини эшитади. Аввалига бешикни тебратиб, болани ухлатмоқчи бўлади. Лекин, ҳа деганда чақалоқ йиғидан тўхтамайди. Шунда хотинининг «бола сендан эмас», деган гапи уни даҳшатга солади ва энди маҳлуқ қиёфасига кирган бу инсон олти ойлик норасида гўдакни ҳам ўлдиради.

Ваҳший қотил кичкина хонадаги мурдалар устига печкага уланган шлангни, сўнгра сигарет қолдиғини ташлаб, эшикни ёпиб ташқарига чиқади. Қиммат нархдаги телефон аппарати, тилла буюм ва тақинчоқларни олиб, девор ошганча воқеа жойидан кетади.

Янги йил куни жиянларига совға олиб келган Ферузанинг тоғаси уй қулфланганидан, жиянлари қўнғироқларга жавоб бермаётганидан ҳайрон бўлади, бирон жойга меҳмонга кетишгандир, деган ўй билан қайтиб кетади.

Ҳар қандай кишини даҳшатга солувчи бундай қотилликни содир этган Азизбек эса қўшни Қозоғистонга қочиб ўтган ва у ердан Туркияга кетиш учун самолётга чипта олган эди.

...Опаси ва синглисининг бир неча кундан буён қўнғироқларга жавоб бермаётганидан хавотир олган Ферузанинг укаси унинг уйига келиб, қўни-қўшнилар, маҳалла раиси, ички ишлар профилактика инспекторига учрашади. Уй ёнида йиғилганлар кўчага ўрнатилган газ ҳисоблагич ишлаётганидан шубҳаланиб, дарвозани бузиб ичкарига кирадилар. У ердаги даҳшатли ҳолатни эса ҳеч ким сўз билан таърифлаб беролмас эди.

Шунча ишлар бўлиб ўтсаю, наҳотки қўни-қўшни, маҳалла-кўй билмаса? Наҳотки одамлар бир-бирига шу қадар бепарво, эътиборсиз бўлиб қолган бўлса?

...Туркияга кетмоқчи бўлган Азизбекнинг виждони қийналдими, қилган қотилликларини ўйлаб пушаймон бўлдими, ҳар тугул Қозоғистонда ички ишлар ходимларига учраб, қилмишлари ҳақида сўзлаб берди. У зудлик билан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига топширилди.

Судда Азизбек ўша пайтда ғазабдан нима қилаётганини англамагани, қилган ишидан пушаймон эканини билдирди. Лекин бу пушаймонлик увол кетган тўрт инсон ҳаётини қайтара олардими? Йўқ, албатта. Кўнгил майлига берилиб, нотўғри йўлга кирган бу йигит ҳаётини саробга айлантирди. Оиласи бўла туриб, қинғир йўлни танлади. Оқибати эса мана, ҳаммамизга аён. Не-не умидлар билан вояга етказган ота-онаси, яқинларининг юзини ерга қаратди, ҳали ҳаёт нима эканини англаб етмаган фарзандларини тирик етим қолдирди.

Судья А.Тўраев раислигида ўтган Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди ҳукми билан Азизбек Абдуқаюмовга умрбод қамоқ жазоси тайинланди. Қотил қилмишига яраша жазосини олди. Лекин уни виждон азоби бир умр таъқиб этиши тайин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг