Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқаро қидирувга берилган ўзбекистонликлар сони маълум қилинди

Халқаро қидирувга берилган ўзбекистонликлар сони маълум қилинди

Фото: АОКА матбуот хизмати

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ички ишлар органларида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш фаолияти ва Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги миллий марказий Бюроси» мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа хорижий давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда махсус хизматлари билан ҳамкорликни ривожлантириш мутлақо янгича ёндашув асосида олиб борилаётгани маълум қилинди.

Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Беларусь ва Туркия Республикалари билан Ички ишлар вазирликлари ўртасида икки томонлама мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, уюшган жиноятчилик, терроризм ва экстремизмга қарши кураш, наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси, ноқонуний миграция, одам савдоси соҳаларида тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш ва тезкор маълумот алмашиш учун кенг имконият яратилгани таъкидланди.

Айнан ушбу форматдаги ҳамкорлик натижасида сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

«Халқаро ҳамкорлик натижасида 2017-2019 йилларда 1 минг 402 нафар қидирувдаги шахс ушланган, — деди Интерпол Миллий марказий бюроси, ахборотларга тезкор ишлов бериш ва мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Олимхон Эргашев. — Улар, асосан, фирибгарлик, ўғрилик, босқинчилик жиноятларида гумонланган. Жорий йилнинг 11 ойида турли жиноятларни содир этгани учун республика ҳуқуқни муҳофоза қилувчи органлари томонидан қидирилаётган 588 нафар шахс хорижий давлатларда қўлга олинган».

Фото: АОКА матбуот хизмати

Журналистлар саволларига жавоб қайтарар экан, мутасаддилар аниқ статистик маълумотларни тақдим этди.

«Айни вақтда 1 минг 700 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси халқаро қидирувга берилган ҳамда уларнинг кўпчилик қисми терроризм, одам савдоси каби оғир жиноятларда айбланмоқда, — деди Олимхон Эргашев. — Шу билан бир қаторда, Ўзбекистонга ҳам халқаро қидирувдаги чет эл фуқаролари кириб келади. 2 йил давомида 27 нафар хориж фуқаролари шу ерда ушланди. Улар Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Украина ва Туркия фуқаролари бўлиб, 90 фоизи фирибгарлик билан гумонланган».

ОАВ вакиллари билан мулоқот давомида қидирувдаги шахслар хорижий давлатлардан қандай тартибда ушлаб олиб келиниши тўғрисида савол берилди.

«Интерпол Миллий марказий бюроси томонидан халқаро қидирувга эълон қилинган шахслар хорижий давлатларда қўлган олинса, ўша давлатнинг Интерпол Миллий марказий бюроси Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюросига хабар беради ва ўзаро икки давлатнинг келишувига мувофиқ Ўзбекистонга депортация ёки экстрадиция қилинади», — дея аниқлик киритди Олимхон Эргашев.

Матбуот анжуманида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида урғу берилаётгани, ушбу ташкилотлар доирасида ташкил этилган деярли барча тезкор қидирув ва профилактик тадбирларда вазирлик ходимлари фаол иштирок этиб келаётгани қайд этилди.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларига кўра, жорий йилда республикамиз сўнгги 20 йилда илк маротаба МДҲ иштирокчи-давлатлари Ички ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишига мезбонлик қилган. Мазкур нуфузли тадбирда жиноятчилик ва терроризмга қарши кураш борасида бир қатор муҳим келишувларга эришилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг