Уч ойда 90 та қотиллик содир этилди. Хўш?
Бош прокуратуранинг прокуратура органлари тергов тармоқлари фаолияти устидан назорат бошқармаси томонидан 2019 йилнинг дастлабки уч ойида тергов қилинган жиноят ишлари таҳлил эълон қилинди.
Айтилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида прокуратура органлари томонидан 3 212 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ўтказилган, бу рақам ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда 190 тага ёки 1,5 фоизга кам дегани экан. Турган гапки, тергов қилинган ишларнинг камайиб бораётганлиги жиноий жавобгарликка тортилаётган шахслар сонидан тўғри маънода «барака» кўтарилаётганини ҳам англатади. Яъни, ўтган йилнинг шу даврида 1 819 нафар шахсга нисбатан 1 183 та жиноят иши судга чиқарилган бўлса, бу йил 1 756 шахсга нисбатан 1 129 та «дело» судга оширилди.
Камми? Кам. Қанчага? 54 та(4,5 фоиз)га.
Таҳлилнинг эътиборга молик нуқталари етарлича. Ўтган чоракда битта кам тўрт юзта қўзғатилган жиноят иши дастлабки терговдаёқ Жиноят-процессуал кодексининг (ЖПК) 83 ва 84-моддаларига асосан ҳаракатдан тугатилган. ЖПКнинг 83-моддасига кўра «иш» тугатилади, қачонки, гумондор ёки айбланувчининг жиноятга дахли ёки қилмишида жиноий аломатлар бўлмаса. 84-модда эса сал бошқачароқ: унда шахснинг айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун қатор асослар келтирилган. Умумий маъноси шуки, сени айблилик даражангни аниқлаш учун риёзат чекиш шартмас, қолаверса, айбингни исботлаб, жавобгарликка тортишдан ўзингга ҳам, жамиятга ҳам фойда йўқ, бу ёғига кўзингни очиброқ юрсанг — ўзинг ҳам манфаат топасан, бошқалар ҳам: саломат бўл, оғайни... Хуллас, ўтган уч ойда шахснинг айблилик даражасини ҳал қилмай тугатилган ишлар сони 189та бўлса (ўтган йили 120 эди), терговнинг ўзидаёқ айбсиз экани боис юзи ёруғ бўлган шахслар 219 нафарни (ўтган йили 143 нафар эди) ташкил этди.
Бу рақамларга нега алоҳида урғу берилмоқда? Гап шундаки, яқин-яқингача «жиноят иши қўзғатилдими, албатта «дело» судга чиқиши керак!» деган ғалати тамойил бўларди денг. Тергов давомида гумондор ёки айбланувчининг жиноятга алоқаси ёки қилмишида жиноят аломати бор-йўқлигидан қатъи назар, у суднинг қора курсисига ўтқазилиши шартдай эди гўё. Энг ёмони, шунақа пуфлаб-шиширилган «дело»ларни суддан «ўтказиш» учун бор имконият ишга солинарди ҳам. Энди эса шахснинг айбсизлиги тергов жараёнидаёқ очиқ-ошкора эътироф этилиб, безовта қилингани учун керак бўлса, узр сўралмоқда ҳатто!
Айбловга тиш-тирноғи билан ёпишиб оладиган прокуратуранинг ўзи шахсни оқлаш ҳақида судларга протестлар киритаётгани-чи?
Эътирофга лойиқми? Албатта.
Гап жиноятчиликка бориб тақалар экан, содир этилган оғир жиноятлар ва уларнинг фош этилиши ҳақидаям икки оғиз гапиришга эҳтиёж сезилади. Рақамларни сўзлатсак, республика бўйича 2019 йил 3 ойида 90 та қотиллик жиноятлари содир этилибди (албатта бу ҳам кўп, лекин кўпгина хорижий давлатларга солиштирганда бу деярли 8-15 баробар кам эканини таъкидлаш шартдай). Ўтган йилга (123) таққослаганда 33 тага ёки 26,9 фоизга кам бу, албатта. Эътиборлисики, қотиллик жиноятларининг 89 таси аллақачон фош этилган, фақат биттаси очиқ турибди, холос.
Шу-у-унчаси очилган экан, биттаси «дам еб» ётмас?
Ё, насиб...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter