Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент шаҳрига 10 ойда 32 380 нафар фуқаро доимий прописка қилинди

Тошкент шаҳрига 10 ойда 32 380 нафар фуқаро доимий прописка қилинди

Фото: АОКА

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ички ишлар органларида миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда жорий йилнинг 10 ойи мобайнида Президентнинг 23 та фармони асосида 4951 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилингани маълум қилинди. Қайд этилишича, 847 минг 317 нафар фуқаро биометрик паспорт билан ҳужжатлаштирилган, 781 минг 376 нафар фуқарога эса хорижга чиқиш учун биометрик паспортлар расмийлаштирилиб берилган.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари, кетишлари, бу ерда бўлишлари, транзит ўтишларини назорат қилиш ҳамда уларга яшаш гувоҳномаларини расмийлаштириб бериш бўйича ва вақтинча ҳисобга ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам ахборот тақдим этилди.

Жумладан, Президентнинг тегишли фармонларига асосан, жами 56 та давлат фуқароларига 30 суткагача визасиз Ўзбекистонга келишлари ва бу ерда бўлишлари, 111 та давлат фуқароларига республика ҳудудида кўчмас мулк сотиб олиш ва яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқи, 76 та давлат фуқароларига электрон виза расмийлаштириш, бундан ташқари «ватандош», «инвестиция» визалари ҳамда «фаҳрий фуқаро» гувоҳномаси жорий этилгани таъкидланди.

«Республикамизда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда хорижий инвесторларга яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар натижасида, ўтган 10 ой давомида жами 6 млн 997 минг 114 нафар хорижий фуқаро республикамизга ташриф буюрди, — деди Хорижий фуқароларни ҳисобга олиш бўлими бошлиғи Дилшодбек Муродбеков. — Хорижий фуқаро ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб бериш бўйича жами 3 минг 689 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шулардан 3 минг 134 таси ижобий кўриб чиқилиб, яшаш гувоҳномалари расмийлаштириб берилган, қолган 555 таси кўриб чиқиш жараёнида».

Ҳисобот даврида жами 6 минг 729 нафар чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар республикамиз ҳудудида бўлиш қоидаларини бузиб яшаганликлари аниқланиб, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 225-моддаси тартибида тегишли чоралар кўрилган.

Матбуот анжуманида айтилишича, жорий йилнинг 10 ойи давомида Тошкент шаҳри бўйича жами 32 минг 380 нафар, Тошкент вилояти бўйича 7 минг 462 нафар фуқаро доимий прописка қилинган. Жами 173 минг 140 нафар, шундан Тошкент шаҳри бўйича 145 минг 854 нафар, Тошкент вилояти бўйича 27 минг 286 нафар фуқаро вақтинча ҳисобга олинган.

Тадбирда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Нодир Зиёев, Тошкент шаҳар ИИББ МваФРБ бошлиғи Қудрат Йўлдошев, вазирлик матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳамда масъул лавозимдаги қатор мутасаддилар иштирок этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг