Таниш қизининг интим фотоларини тарқатиш билан қўрқитиб пул олган йигит судга тортилди
2020 йилнинг 16 июль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди очиқ суд мажлисида товламачилик жиноятини содир этганликда айбланган фуқарога нисбатан жиноят ишини кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди.
Судланувчи М.С ўзганинг мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритишни мақсад қилади. У «Telegramm» мессенджерида О.К номи билан рўйхатдан ўтказилган аккаунти орқали ўзига олдиндан таниш бўлган Р.Д билан ишқий мавзуларда суҳбатлашиб юради. Р.Днинг интим фотоларини ва суҳбатларини қўлга киритгач, яқин қариндошларига юбориш ҳамда интернет тармоқлари орқали тарқатиш билан қўрқитиб, ушбу ҳаракатларни амалга оширмаслик эвазига ундан 500 АҚШ доллари беришни талаб қилади.
2020 йил 6 февраль куни Р.Д билан Бобур паркида учрашиб, гўёки О.Кга бериб қўйиш важи билан, аслида ўзи томонидан товламачилик йўли билан талаб қилинган 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олади.
Биринчи режаси силлиқ кечганидан «илҳомланган» М.С энди каттароқ ўлжани қўлга киритиш пайига тушади.
2020 йил февраль ойи ўрталарида Бобур паркида Р.Дга О.К исмли шахсдан ўзининг оила аъзоларини ҳақорат қилганлигини билганлигини ва шу сабабли Р.Днинг интим суратларини олганлигини маълум қилиб, Р.Дга сир сақланиши лозим бўлган ушбу фотосуратларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, эвазига ундан 10.000 АҚШ доллари беришни талаб қилади.
2020 йил 10 март куни Тошкент шаҳар Яккасарой туманида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида М.С фуқаро Р.Ддан талаб қилинган 700 ва 100 АҚШ долларини олган вақтида воқеа жойда ушланган ва пуллар далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.
Суд М.Снинг айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини, етказилган зарар тўлиқ қопланганлигини инобатга олиб, М.Сга нисбатан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, иш ҳақининг 25 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.
Ж.Раббанаев,
Яккасарой туман суди судья ёрдамчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter