Тадбиркорнинг 8 млрд сўми қайтариб берилди
Самарқанд шаҳрида рўйхатга олинган якка тартибдаги тадбиркор «E-AUKSION» электрон савдо платформаси орқали сотиб олган объектига аукцион натижалари бўйича баённома расмийлаштирилмаганлиги ҳамда тўланган пул маблағи қайтарилмаётганлигидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 24.01.2022 йилдаги ижро варақасига асосан қўзғатилган ижро иши доирасида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан «E-AUKSION» электрон савдо платформаси орқали савдога чиқарилган масъулияти чекланган жамиятга қарашли автомобилларга газ ёқилғи, сиқилган газ қуйиш станцияси ва бино-иношоотлари шоҳобчаси бўйича танловда тадбиркор ғолиб деб топилган.
Тадбиркор томонидан 27.06.2022 йилда 8 млрд сўм «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК депозит ҳисобварағига тўлиқ тўлаб берилган.
Ушбу савдога чиқарилган объектга нисбатан Тошкент туманлараро маъмурий судининг 26.04.2022 йилдаги ажримига асосан дастлабки ҳимоя чоралари қўлланилганлиги сабабли оператор томонидан тадбиркорга аукцион натижалари бўйича баённома расмийлаштириб берилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан тадбиркор томонидан дастлабки ҳимоя чораларини қўллаш бўйича ажримни бекор қилиш юзасидан киритилган илтимоснома суд томонидан рад этилган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг 17.04.2023 йилдаги қарорига асосан буюртмачининг объектни савдога чиқаришдаги хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилиб, Тойлоқ туманлараро иқтисодий судининг 26.09.2022 йилдаги қарорига асосан жавобгар банкрот деб эътироф этилганлиги сабабли ижро ишини тугатиш чоралари кўрилмаганлиги қайд этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 12.04.2023 йилдаги қарорига асосан Келишув битимини тасдиқлаш ва иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримига асосан буюртмачи томонидан 08.05.2023 йилда ижро иши тугатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2022 йил 24 июлдаги ПҚ-5197-сонли қарорининг 2-бандида электрон онлайн-аукционни ташкил этиш ва ўтказиш тартибидан ташқари бўлган тартиб-таомилларга риоя қилинмаганлиги учун аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Шунга қарамасдан, баённомани расмийлаштириш юзасидан тадбиркорнинг бир неча мурожаатлари оператор томонидан суд қарорларига асосланиб рад этилиб келинган бўлса-да, тўлаб берилган маблағ ҳам шу кунга қадар қайтарилмаган.
Хусусан, тўланган пул маблағини оператор хизмати чегирилган ҳолда қайтариб бериш юзасидан 2023 йил 8 июнда қилинган мурожаатга оператор томонидан 2023 йил 22 июндаги жавоб хати орқали «буртмачининг розилик хати олингандан сўнг пул маблағини қайтариш бўйича келишув битимини тузиш масаласи кўриб чиқилиши» маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сонли Қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 98-бандига кўра, ғолиб объектни қабул қилишдан бош тортган тақдирда, тарафлар (ғолиб, буюртмачи ва оператор)нинг келишувига асосан тўланган пул маблағлари ушбу Низомда белгиланган тартибда (оператор хизмат ҳақи чегирилган ҳолда) ғолибга қайтарилиши мумкин. Бунда буюртма оператор томонидан буюртмачига қайтарилади. Тарафлар келишмаган тақдирда, ушбу низоли масала суд тартибида кўриб чиқилади деб белгиланган.
Ўз навбатида, буюртмачи 2023 йил 7 июлдаги хати орқали тадбиркор томонидан тўланган пул маблағининг қайтирилишига эътирози йўқлигини маълум қилган.
Аукцион натижалари бўйича баённома бир йилдан ортиқ вақт мобайнида расмийлаштирилмаганлиги, сўнгра тўланган пул маблағи турли важлар билан қайтариб берилмаганлиги натижасида тадбиркорнинг қонуний манфаатларига жиддий зиён етказилган.
Мурожаатни ўрганиш давомида тўланган пул маблағларини қайтариш юзасидан «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУКга Бизнес-омбудсманнинг 17.07.2023 йилдаги Хулосаси киритилди. 23.07.2023 йилда тадбиркорлик субъектига 8 млрд сўм маблағ қайтариб берилиши таъминланиб, бир йилдан ортиқ вақт давом этган сарсонгарчиликка барҳам берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter