Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Судьялар олий кенгашида танлов: номзодлар тўкилди-ей, тўкилди...

Судьялар олий кенгашида танлов: номзодлар тўкилди-ей, тўкилди...

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши бўш судьялик лавозимларига танлов эълон қилганидан сўнг юзлаб даъвогарлар ҳужжат топширгани хабари берилганди. Туман ва шаҳар судларидаги 38 та судьялик ўрни учун ҳужжат топширган 111 нафар даъвогар сони дастлабки саралаш имтиҳонидан (тест) сўнг 66 нафарга тушганидан ҳам воқифсиз.

Айтганча, судьяликка даъвогарларнинг «ҳасби-ҳоли» тегишли талабларга жавоб бериб, улар номзод тариқасида рўйхатга олинганидан кейин икки босқичда чиғириқдан ўтказилади. Шулардан биринчиси саралаш имтиҳони бўлиб, у тест шаклида амалга оширилади. Бундан эсон-омон ўтганлар Судьялар олий кенгашининг 21 нафар аъзосига рўпара бўлади. Номзод махсус тугма орқали электрон дастурга жойлаштирилган билетлардан бирини таваккалига танлайди (мазкур амалиёт яқиндан бошлаб қўлланмоқда). Ундаги иккита саволга жавоб беришидан ташқари, кенгаш аъзоларининг ҳам сўроқ-саволларига тутиладики, шунга қараб хулоса қилинади. Яъниким, кенгашнинг 21 нафар аъзоси ёпиқ овоз бериш йўли билан номзод судьялик лавозимига лойиқлиги (ёки аксинча) ҳал этилади.

Эътиборлиси, бу сафарги танловга оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам таклиф этилиб, улар жараённинг бевосита гувоҳига айландилар.

Танлов якуни кўра, 38 та бўш судьялик ўрнига даъвогар 66 нафар номзоднинг фақат 23 (!) нафарининг омади чопди, холос. Бу ҳол номзодларнинг ҳар учдан иккитаси салоҳияти мавжуд талабларга жавоб бермагани баробарида танлов ўта-ўта жиддий тарзда ўтказилганини ҳам билдиради. Чунки, номзодлар кеча олийгоҳ шаҳодатини қўлига олган ёшлар эмас. Аксинча, ёши 35дан кичик бўлмаган, махсус сертификатга эга ва ўнлаб йиллар ҳуқуқ тизимида ризқини териб юрган мутахассислардир. Шуларки, танловдан ўтолмабдими, талаблар нечоғлиқ бўлаётганини тасаввур қилаверинг!

Бироқ, бу — танловдан «йиқилганлар»нинг барчаси учун кенгаш эшиклари ёпилди, дегани эмас. «Йиқилганлар» орасида захирага олингани ҳам, нолойиқ деб топилгани ҳам бор. Захирага олинганларга бир ойдан сўнг яна бир марта имконият берилади. Нолойиқ деб топилганлар эса бир йилдан сўнг захирага олишлари учун Судьялар олий кенгашига ариза билан мурожаат қилишлари мумкин. Имкониятдан фойланса — маррага етди ҳисоб. Акс ҳолда, айтиладиган гап битта: хуш кўрдик, бошқа соҳада омадингизни берсин...

Эътиборлиси, танловдан муваффақиятли ўтганларнинг аксарияти илгари омади чопмаган номзодлар бўлди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонунлари стегишли моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг қарори билан қуйидагилар:

  • Аъзам Азизович Ариповбиринчи беш йил муддатга Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига;
  • Азиз Темирович Рахмоновбиринчи беш йил муддатга фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Бекобод туманлараро судининг судьяси лавозимига;
  • Бехзодбек Фазлидинович Турдиевбиринчи беш йил муддатга жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Андижон шаҳар судининг судьяси лавозимига;
  • Давронбек Эркинович Олимовбиринчи беш йил муддатга жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Наманган шаҳар судининг судьяси лавозимига;
  • Жасурбек Косимович Абидовбиринчи беш йил муддатга Андижон вилояти Хўжаобод туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига;
  • Зулфия Алишеровна Нуралиевабиринчи беш йил муддатга фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судининг судьяси лавозимига;
  • Музаффар Жуманазарович Холлиевбиринчи беш йил муддатга фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманлараро судининг судьяси лавозимига;
  • Нигорахон Ибрагимовна Мирзакаримова — биринчи беш йил муддатга фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судининг судьяси лавозимига;
  • Ойбек Кенжаевич Жумановбиринчи беш йил муддатга жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Узун туман судининг раиси лавозимига;
  • Ойбек Кенжаевич Тошпўлотовбиринчи беш йил муддатга фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманлараро судининг судьяси лавозимига;
  • Отабек Акбутаевич Эргашевбиринчи беш йил муддатга жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туман судининг раиси лавозимига;
  • Рустамжон Мухаммадович Бойқораевбиринчи беш йил муддатга фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти Янгиқўрғон туманлараро судининг судьяси лавозимига;
  • Улуғбек Мирзоевич Қаландаровбиринчи беш йил муддатга фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Когон туманлараро судининг судьяси лавозимига;
  • Улуғбек Саттарович Базаровбиринчи беш йил муддатга Жиззах туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига;
  • Фуркат Шухратович Анаровбиринчи беш йил муддатга фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қарши туманлараро судининг судьяси лавозимига;
  • Шухратжон Шавкатжонович Қурбоновбиринчи беш йил муддатга жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Янгиқўрғон туман судининг раиси лавозимига;
  • Хушнудбек Абдуллаевич Рахимовбиринчи беш йил муддатга Хоразм вилояти Шовот туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига;
  • Хушнуд Римбоевич Каримовбиринчи беш йил муддатга Тошкент вилояти Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига;
  • Кахрамон Кадирович Ахмадалиевбиринчи беш йил муддатга жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Олтинкўл туман судининг раиси лавозимига;
  • Ғайрат Каримберганович Матякубовбиринчи беш йил муддатга фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилояти Урганч туманлараро судининг судьяси лавозимига тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, бир таркибли туман судининг судьси айни вақтда шу суд раиси ҳисобланади. Биринчи беш йиллик муддатда судьялик лавозимига тайинланганларнинг айримлари муайян туман судига раислик қилиши кўрсатилаётганининг боиси шунда.

Яна бир гап.

Юқорида 20 нафар илк марта лавозимга тайинланган судьяларнинг руйхати келтирилди. Қолган уч нафари қани, дерсиз?

Гап шундаки, номи қайд этилганлардан ташқари:

  • Аскар Юсупович Сафаров — жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Муйноқ туман суди раиси лавозимига;
  • Куанишбай Оралбаевич Хожамуратов Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманлараро иқтисодий суди судьяси лавозимига;
  • Кайрилла Зинотдинович Атамуратов — фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманлараро суди судьяси лавозимига лойиқ деб топилди.

Қонунга мувофиқ, Судьялар олий кенгаши уларни судьяликка тавсия этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тақдимнома киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси судларига судьялар тайинлаш масаласида охирги қарорни Жўқори Кенгес қабул қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг