Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Судьялар олий кенгаши: йил охиридаги тадбирда қайси масала муҳокама этилди?

Судьялар олий кенгаши: йил охиридаги тадбирда қайси масала муҳокама этилди?

Ўтган йилнинг адоғида Судьялар олий кенгашида навбатдаги тадбир ўтказилдики, янги йил шукуҳи-ю байрамолди бошқа йиғинлар сабаб жамоатчиликнинг бироз эътиборидан четда қолгандек.

Кенгаш йил охирида отга астойдил қамчи босгани бор гап. Тизимда коррупциянинг барварқт олдини олиш бўйича жойларда ўтказилган маърифий тадбирлар бир-бирига уланиб, Бош қомус қабул қилинган санагача давом этди. Айни сана кейинги тадбирларга тутки бериб, бу жараёнда асосий эътибор тизимда сочи оқарган нуронийларни йўқлаш, тарихда илк бор таъсис этилган «Фахрий судья» кўкрак нишонини эга-эгаларига топширишга қаратилганидан жамоатчиликнинг хабари бор. Бу орада Кенгаш икки бор йиғилиш ўтказишга ҳам улгурдики, бунинг натижасида қатор тайинловлар амалга оширилиши баробарида муносиблар судьялик лавозимига тайинланди, номуносиблари тизимдан четлатилди. Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан чоп этилган «Халқаро ҳуқуқ нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши» номли қўлланманинг чоп этилиши алоҳида воқелик бўлгани, бу китоб тақдимотида ҳақли эътироф этилганидан ҳам жамоатчиликка маълум қилинган.

Кетар йилнинг охириги кунларида яна бир тадбир ўтказишга улгурилди. Яъниким, Кенгаш ташаббуси билан «Дастлабки эшитув ва айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтларига оид жиноят-процессуал қонунчиликни қўллаш: муаммо ва ечимлар» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда қонунчиликдаги мазкур янги институтларнинг амалиётга самарали татбиқ этиш, бу борадаги юзага келаётган муаммолар ва унинг ечимлари хусусида сўз юритилди.

Айтилдики, сўнгги йиллар мобайнида мамлакатимиз жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари нормаларини такомиллаштириш, жиноят процессига жалб этиладиган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини сўзсиз таъминлашда халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётни имплементация қилишга қаратилган сезиларли ўзгаришлар юз берди.

Хусусан, дастлабки эшитув – қонунчиликда янги институт. Мазкур институт суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолияти устидан бевосита суд назорати шаклларидан бири ҳисобланиб, жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш босқичида жиноят ишининг келгуси ҳаракати масалалари тортишув принципини амалга ошириш орқали ҳал этилишини кўзда тутади.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув ҳам қонунчиликда катта янгилик: у миллий ҳуқуқ тизимини демократлаштириш бўйича ўтказилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, давлатнинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича конституциявий мажбуриятини бажаришга хизмат қилади. Айниқса, жиноят ишлари бўйича судларда иш ҳажми кескин кўпайган бир шароитда, суд тергови ўтказмасдан иш бўйича якуний қарор қабул қилиш, яъни процессуал куч ва воситаларни тежаш имконини беради.

Ҳар қандай янгилик амалиётга бирданига ва силлиқ татбиқ этилмаслиги аниқ. Бунда муайян тушунмовчиликлар ёки ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш зарурияти пайдо бўлиши эҳтимоли катта. Шу маънода айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув ва дастлабки эшитувни амалиётга жорий қилишда бир қатор муаммолар юзага келиши табиий. Муаммолар эса ҳам қонунчилик, ҳам амалиёт, шу жумладан, жиноят ишини юритиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларнинг профессионал тайёргарлик даражаси билан боғлиқ.

Тадбирда юзага келаётган муаммолар очиқ муҳокама қилинди, салмоқлик таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, жиноят-процессуал қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, қонунни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Демак, жараён изчил давом этмоқда.

Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг