Судьяга қандай жазо берилди?
У ноқонуний тарзда фуқарога озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган эди, деб ёзади «Advokatnews».
«Жиноят ишини биринчи инстанция судида кўрган жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг раиси О.Набиев, судланувчи Р.1нинг жиноий ҳаракатини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан тўғри квалификация қилган бир вақтда, унга шу модда билан ЖКнинг 50-моддасига зид равишда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ оғир жазо тайинлаб, хатоликка йўл қўйган», — дейилади Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди апелляция инстанцияси чиқарган хусусий ажримда.
Мазкур ҳужжатда ушбу ҳолатга, жумладан, қуйидагича баҳо берилган:
«... Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 50-моддасида эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан тайинланмаслиги назарда тутилган.
Судланувчи Р.га жазо тайинлаш вақтда у пенсия ёшида бўлган.
Шунингдек, биринчи босқич суди қонун ва Пленум талабларига риоя қилмасдан, суд ҳукмининг тавсиф қисмида Р.га нисбатан нима учун мажбурий қўшимча муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаганлигини асослантирмасдан, судланувчи Р.га муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони тайинламасдан, нотўғри тўхтамга келган.
Бундан кўринадики, жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг раиси О.Набиев қонун ва Пленум талабларига зид равишда судланувчи Р.га нисбатан нотўғри ҳукм чиқарган».
Яъни, маълум бўлишича, бир туманда жиноят ишлари бўйича судга раислик қилиб келаётган судья Отабек Набиев ЖКга кўра озодликдан маҳрум этиш жазоси берилиши мумкин бўлмаган тоифадаги шахсга нисбатан 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Бу совуқ хабарни ўқир эканмиз, беихтиёр кўнглимиздан «Ишқилиб, судья бу хатони савияси етишмагани туфайли қилган бўлсин-да», деб юборамиз. Зеро, билмаганни ўрганиб олиш мумкин (хоҳиш бўлса, албатта). Аммо... агар бу ерда қасд ёки қандайдир ташқи босим таъсири аралашган бўлса, уни тузатиш осон кечмаслиги аниқ...
Нима бўлганда ҳам, Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди мазкур жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиб, биринчи инстанция судининг ноқонуний ҳукмини бекор қилган ва Р.га 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида — 86.120.000 сўм жарима жазоси тайинлаган. ЖКнинг 62-моддасига асосан Р.нинг 2018 йил 5 сентябрдан 2018 йил 25 октябрга қадар қамоқда ўтирган кунини жарима жазосидан чегириб, энг кам ойлик иш ҳақининг 475 баравари миқдорида — 81.814.000 сўм жарима жазосини қолдирган.
Ўқувчимизни бу вазиятда кўпроқ судьяга нима жазо кўрилгани қизиқтираётган бўлса ажаб эмас. Ахир унинг хатоси қандайдир майда-чуйда эмас, бир фуқаронинг салкам икки ой озодликдан маҳрум бўлиб, қамоқда ўтиришига сабаб бўлган хато-да... (Худо кўрсатмасин, агар адвокат ва тегишли органлар пухта ишлаб, хатони ўз вақтида кўрсата олмаганида ёки апелляция инстанцияси уни тузатмаганида фуқаро ноқонуний тарзда нақд 3 йил озодликдан маҳрум бўлиб қолиши мумкин эди).
Хуллас, апелляция инстанцияси «... Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг раиси О.Набиев томонидан амалдаги қонунчилик талаблари жиддий бузилишига йўл қўйилганлигини инобатга олиб ва келгусида бу каби қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида ҳамда амалдаги қонунлар, Пленум қарорларидаги раҳбарий тушунтиришлар бир хилда бажарилишини таъминлаш мақсадида ушбу ажрим нусхасини Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг раҳбариятига тегишли чора-тадбирлар белгилаш учун юборишни лозим деб топади».
Таҳририятимизнинг бу борада кўрилган чора ҳақида Сирдарё вилоят судидан маълумот олишга уриниши эса осон кечмади. Бизнинг телефон орқали берган сўровимизга жавобан, аввалига, «бугун, эрта» қабилида муносабат билдирилган бўлса, орадан бир ҳафта ўтиб, ёзма мурожаат қилишимизни талаб этишди. Нима ҳам деймиз, ёзма сўровнома тайёрлаб, ўша куннинг ўзида факс орқали бердик ва хатнинг қабул қилинганлиги бўйича суд девонхонасидан аниқлик киритиб олдик. Шунингдек, ҳар эҳтимолга қарши, хатнинг аслини ҳам почта орқали юбордик. Аммо... деярли ҳар куни телефон орқали сўраб, Қонунда кўзда тутилган 7 кунлик2 муддатни эслатиб турганимизга қарамасдан, нақ 13 кунда мужмалгина жавоб олдик: «... О.Набиевга нисбатан жиноят ишлар бўйича Сирдарё вилоят судлари судьялари малака ҳайъатининг қарори билан интизомий жазо чораси қўлланилгани маълум қилинади». Шу жавоб учун 13 кун сарфлангани эса тушунарсизлигича қолаверди. Зеро, мазкур суд идорасига бошқа мурожаат қилишга ҳафсаламиз қолмаган эди.
Дарвоқе, норасмий манбанинг маълумотига кўра судья Отабек Набиевга «ҳайфсан» интизомий жазоси берилган экан...
Бу жазонинг судья томонидан йўл қўйилган хатога қанчалик мувофиқ ёки номувофиқ эканлигини эса муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Яъни бу борада хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола...
Манба: «Advokatnews»
- Судланувчининг шаън ва қадр-қимматига таъсир қилмаслик учун исм-шарифини ошкор қилмади — Таҳририят.
- Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуни 351-моддасига кўра
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter