Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Судлов тизимида нима янгиликлар бўлмоқда?

Судлов тизимида нима янгиликлар бўлмоқда?

Фото: Олий суд матбуот хизмати

2018 йил 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. 

Видеоконференц-алоқа тарзида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлар, ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси жамиятимизда қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни изчиллик билан давом эттириш, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш ҳамда суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқларини янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг 1 апрель кунидан эътиборан янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс ва Иқтисодий процессуал кодекси амалга киритилгани жамиятимиз ҳаётида тарихий воқеа бўлди. Дунёнинг тараққий этган давлатларининг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш, ислоҳотлар жараёнида тўпланган бой тажрибамиз асосида ишлаб чиқлган ушбу ҳужжатлар ҳеч шубҳасиз, одил судлов самарадорлигини янада ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янги, замонавий механизмлар орқали кафолатли ҳимоя қилиш, судлар фаолияти шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашда ўта муҳим ўрин тутади.

Ўз навбатида, юқорида қайд этиб ўтилган қонун ҳужжатларини судлар томонидан бир хилда қўллаш, бу борада ягона суд амалиётини шакллантириш — Олий суд Пленумининг тегишли қарорларини қабул қилишни тақозо этаётган эди.

Шу маънода Олий суд томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан суд амалиёти чуқур ўрганилди ва Олий суд Пленумининг бир қатор қарорлари лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Жумладан, Пленум мажлисида «Биринчи инстанция суди томонидан фуқаролик процессуал қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида», «Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг жиноят ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Олий суд Пленуми қарорлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Пленум мажлисида муҳокама этилган «Биринчи инстанция суди томонидан фуқаролик процессуал қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси Фуқаролик процессуал кодекси янги таҳрирда қабул қилингани ҳамда биринчи инстанция суди томонидан қонун нормалари бир тахлитда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Ушбу қарор билан судларнинг эътибори, процессуал нормаларга риоя қилмаслик тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келишини инобатга олган ҳолда, фуқаролик ишларини кўришда фуқаролик процессуал қонун нормаларига қатъий риоя этиш зарурлигига қаратилмоқда.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси қабул қилинганлиги, шунингдек, қонун нормаларини бир тахлитда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида «Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги Пленум қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу қарор билан судларнинг эътибори маъмурий ишларни юритиш бўйича процессуал қонун нормаларида белгиланган тартибга қатъий риоя этиш, уларни кўриб чиқиш сифатини яхшилаш, ҳар бир иш бўйича қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилиш зарурлигига қаратилмоқда.

Маълумки, миллий қонунчиликни замон талабидан келиб чиқиб, такомиллаштириб бориш ўз навбатида, амалдаги меъёрий ҳужжатларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этади. Айни шу заруратдан келиб чиқиб, Пленум мажлисида муҳокама этилган «Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг жиноят ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси билан амалдаги Пленум қарорларига зарур қўшимчалар киритилмоқда. Бу ўз навбатида, жиноят ишларини тўғри малакалаш, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилишга хизмат қилади.

Мажлисда муҳокама этилган яна бир масала — «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Пленум қарори лойиҳаси бўлди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг