Сўм рамзи ўғирланган ҳисобланмайди – Адлия вазирлиги
Ижтимоий тармоқлардаги Ўзбекистон миллий валютаси – «сўм»нинг рамзи ва Франциянинг «IN-CORE systems» компанияси логотипидан ўғирлаб олинганлиги ҳақидаги хабарга Адлия вазирлигининг муносабати эълон қилинди.
Қайд этилишича, Франциянинг «IN-CORE systems» компанияси белгисига ўхшаш бўлган белгилар дунёнинг бир қатор давлатларида (АҚШ, Канада, Жанубий Корея, Италия, Германия ва Ҳиндистон) ҳам фойдаланиб келинади.
«Таъкидлаш жоизки, интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси территориал (ҳудудий) характерга эга. Бошқача айтганда, интеллектуал мулк объекти маълум бир давлат ҳудудида ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланади. Шу жумладан, товар белгиси ҳам тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилганидан сўнг ҳуқуқий муҳофазага эга бўлади.
Франциянинг «IN-CORE systems» компанияси белгиси Ўзбекистон Республикасида товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтмаган ва муҳофаза қилинмаган.
Ушбу ҳолатни муаллифлик ҳуқуқи нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида Берн конвенцияси ва миллий қонунчилигимизга мувофиқ, муаллифлик ҳуқуқи яратиш факти бўйича юзага келади ва унинг юзага келиши ҳамда амалга оширилиши учун рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар) муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайди», дейилади расмий муносабатда.
Таъкидланишича, мазкур белгини товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ва муҳофаза қилиш мақсадида Интеллектуал мулк департаментига мурожаат қилинмаган. Агар, ушбу белгини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Интеллектуал мулк департаментига мурожаат қилинса, ҳолат экспертлар томонидан тўлиқ ўрганилиб, тегишли тартибда хулоса берилади.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча сўмнинг рамзи эълон қилинганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter