Шаҳар бедарвоза бўлмаганидек, ер ҳам эгасиз эмас!
Ижтимоий тармоқларда кун-кунаро бонг урилади: фалон жойда фалончининг уйни бузилмоқда! Кафтдай мантга видеолавҳа илова қилинади: уларнинг аксариятида аёлларнинг йиғиси, болаларнинг чирқиллагани, эркак кишининг бақир-чақиргани акс этади...
Лавҳалардан сесканиб тушасиз. Қолдирилаётган изоҳлардан кўнгил ағдарилади. Воқеликни чуққурроқ ўргансангиз ўша уйлар ноқонуний, ўзбошимчалик билан тиклангани, уни бузиш тўғрисида суд қарори чиққан бўлади.
Келинг, дўппини бир чеккага қўйиб ўйлайлик: қонуний асоссиз бировнинг иморатини бузишга кимнинг кўзи учиб турибди бугун? Серғалва-ю серғурбат бундай юмушга кимнинг бош қўшгиси келади, дейсиз?! Зеро, эндиликда одамлар анойи эмас, ҳаққини индамай бировга бериб қўймайди. Айниқса, уй-жой масаласида!
Одамларни уй-жойли қилишга бўлган давлат миқёсида амалга оширилаётган ишларни ҳамма кўриб-билиб турибди. Кейинги уч йил мобайнида бу борада озмунча иш қилиндими? Озмунча ишлар қилинмаяптими?
Минг-минглаб янги уй-жойлар барпо этилиб, имтиёзли нарх ва шартлар асосида муҳтож фуқароларга берилаётгани барчага аён. Бу борадаги ишлар тўхтаб қолгани йўқ, аксинча, изчил давом эттирилмоқда.
2018 йилда давлатчилигимиз тарихида илк маротаба Президентимиз томонидан фуқаролар манфаатида бир марталик акция эълон қилиниб, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга ҳам минг-минглаб фуқароларнинг эгалик ҳуқуқи белгилаб берилгани-чи? Бунда қанчалаб инсонлар кўнглига хотиржамлик инди...
Шу кунларда ижтимоий тармоқлардаги фуқароларнинг уй-жойи бузилаётганига оид айрим лавҳалар ўша имроатлар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларга тиклаб олингани кўринади. Бу ўзбошимчаликдан бошқа нарса эмас. Шаҳар бедарвоза бўлмаганидек, эгасиз ернинг ўзи йўқ. Ҳаммаси давлат заҳирасида ёки бирорта хўжалик юритувчи субъектга (аксарият ҳолатларда фермер хўжаликларига) вақтинча бириктириб берилган, холос.
Бузиладиган, бузилиши шарт бўлган уй-жойлар ташландиқ ёки қақроқ жойларга қурилган бўлсаям бир нави, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган-ҳосилдор ерларга қурилиб, бу билан ер талон-торожлигига йўл қўйган фуқаролар билан қандай муроса қилиш мумкин? Ҳолбуки, аксарият ҳолларда маҳаллий ҳокимият муроса йўлини излаётгани ҳам бор гап. Бироқ шундаям жараён осон кечаётгани йўқ...
Бу гаплар осмондан олинмаяпти. Судлар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган бино-иморатларни бузиш ва эгаллаб олинган ер майдонларини қайтариш ҳақидаги озмунча ишлар кўрилаётгани йўқ. Жорий йилнинг ўтган икки ойида 830 та ана шу тоифадаги кўрилган ишларнинг 720 тасида даъво қаноатлантирилди. Мазкур рақамлар ўзбошимчалик билан ер майдонларини эгаллаб олиш ҳолатлари мамлакат миқёсида оз эмаслиги, талон-торож қилинган ер майдонларнинг умумий ҳисоби катта-катта майдонларни, юзлаб гектарларни ташкил этишини кўрсатмоқда.
Ер майдони, хусусан, қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган ерлар «устида савдо қилиб», шартта пул санаб сотиб олинадиган мулк эмас.
Иморат қуришдан олдин албатта тегишли тартибда рухсат олиш, шу ер майдонида иморат қуриш ҳуқуқини қўлга киритиш лозим (Ер участкасини олиш, иморат барпо этиш тартиб-тамойиллари амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ўз аксини топган).
Ўзбошимчалик билан иморат қуриб олган аксарият фуқаролар қонун талабини билмаганлигини важ қилиб, суддан қурган иморатини бузмасликни, аксинча қонунийлаштириб олишда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилаётган ҳолатлар кўплаб учрайди.
Ваҳоланки, амалдаги қонунчилик талабини билмаслик — қонунни бузган фуқарога бирон-бир имтиёз келтириб чиқармайди.
Шунингдек, ноқонуний равишда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдонида қурилган иморатларга мулк ҳуқуқини белгилашга қонунчилик йўл қўймайди.
Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ҳосилдор ерларнинг талон-торож қилинишига ўзига ер вақтинча ижарага берилган айрим фермерлар ёки айрим маҳаллий мутасаддилар сабаб бўлган ҳолатлар ҳам мавжуд бўлиб, бу амалдаги ер қонунчилиги талабини кўр-кўрона бузиш ҳам нафс оворагарчилигидан иборат ачинарли ҳолатдир.
Юқорида 830та даъво-аризанинг 720таси қаноатлантирилганини айтдик. Суд қароридан барча бирдек мамнун бўлмаслиги аён ҳақиқат. Чунки, ҳамма ўзини ҳақ деб ҳисоблайди. Ким суд қароридан норози бўлса, эътирозларини белгиланган тартибда шикоят қилиш билан ифодалашида муаммо йўқ. Илло, суд қарорига норозилик сифатида омма эътиборини жалб қиладиган турли ҳаракатлар содир этиш билан масалани ўз фойдасига ҳал этишга уринишни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди.
Айрим ҳолатларда оилавий аҳволини ҳисобга олган ҳолда жойдаги мутасаддилар томонидан бошқа жойдан уй ёки ер майдони ажратиш таклифни рад этилаётгани ҳам ўта ўринсиздир. Буни ўз манфаатини амалдаги қонунлар ва бошқалар манфаатидан устун қўйиш деб тушуниш мумкин. Ана шу фуқароларимиз тарозининг бир палласида ўзининг ноқонуний ҳаракати ва шахсий манфаати, тарозининг иккинчи палласида эса бутун элнинг манфаати турганларини тушунишлари лозим.
Ёддан чиқармайлик: Асосий Қонунимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра: «Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир».
Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг ўзбошимчалик билан эгалланиши – жамиятимиз аъзолари, ёшу-қари барчанинг манфаатига зид – ноқонуний ҳаракат бўлиб, барчамизнинг еб-ичишимиз, кийинишимиз шу ер орқасидан экани, шунингдек экин экиб ҳосил олиш мумкин бўлган ерларда келажак авлоднинг ҳам ҳаққи борлиги, уни авайлаб асрашга барчамиз бирдай бурчли эканлигимизни унутмаслигимиз лозим.
Холмўмин Ёдгоров,
Олий суд раисининг ўринбосари
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter