Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенга шу керакмиди, а?

Сенга шу керакмиди, а?

Иллюстратив сурат

Зангиоталик Солиҳ Муҳамедов (исми-фамилиялар ўзгартирилган) ёш бола эмас: ўттизнинг остонасида турибди, икки нафар фарзанди бор. Туманидан нарига чиқмаган, дунёқараши дўппидек Зангиота музофотича дейиш ҳам қийин. Тижорат орқасида наинки мамлакат ҳудудлари, ҳаттоки хорижга ҳам чиқиб келган. Шунга қарамай бировни осонликча лақиллатиб, молига эга чиқаман, дея чучварани хом санаганига ҳайронсан-да, киши...

Шу йилнинг баҳорида БАА давлатидан Ўзбекистонга қайтиш учун Шаржа аэропортига келади. Қарасаки, аэропортда юртимизга қайтаётган фуқароларга умид кўзини тикиб турган миллатдошларимиз  турибди. Мақсадлари — ўша ердан сотиб олинган турли нарса-буюмларини бервориш экан. Солиҳга ҳам илтимос қилишди: нарсамиз бор, олиб кетолмайсизми? Албатта, текинга эмас.

Солиҳ Шокир Дониёров деган юртдошимиз билан келишди: 2 (икки) дона «Xiaomi Redmi 5 Plus» телефонини ва 1 (бир) дона «HP» русумли ноутбукни  олиб, Тошкентдаги танишларига бериб қўядиган бўлди. «Хизмат» ҳақи — 70 АҚШ доллари! Нарсаларни олганига далил тариқасида паспортини ушлаб турган ҳолда суратга тушиб берди. Бу орада яна бир «мижоз» пайдо бўлди. Тўрт дона «iPhone 7» телефонини Тошкентга олиб бориш эвазига ундан 40  доллар олди.

...Тошкентга  келгач, омонат нарсаларни керакли шахсларга бериш ўрнига секин уйига сурворди. Уни кутиб турган шахсларнинг қўнғироғига «Эртага...» дея қисқа жавоб берди. Эртасига эса «Менга ҳеч ким ҳеч нарса бериб юбормади», деб тонворди... Оббо, шоввоз-ей, бировнинг ҳақини еб кетиш осон экан-а. Йўқ, бунақаси кетмайди. Ахир ўзинг омонатларни олганингни тасдиқлаб, паспротнинг билан «селфи» қилганинг ёдингдан кўтарилдими?

Алқисса, Солиҳ Муҳамедовга нисбатан фирибгарлик айблови билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳам кўп чўзилмади, негаки, жиноят аниқ, далиллар нақд бўлгандан кейин айбланувчи қаерга ҳам борарди.

Суд Солиҳ Муҳамедовга нисбатан қилмишига яраша жазо тайинлади.

Шу керакмиди сенга, Солиҳ?

Ж.Нажимов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг