Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлиси чақирилди

Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлиси чақирилди

2021 йил 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисини 2021 йил 23 апрель куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган. «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги, «Фазовий маълумотлар тўғрисида»ги, «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги, «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси, бир томондан ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия, иккинчи томондан, ўртасида шерикчиликни таъсис этувчи шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2019 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидан.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолияти, Бош прокурорнинг прокуратура органларининг 2020 йилдаги фаолияти, Марказий банки бошқаруви раисининг Марказий банкининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, мамлакатимиз олий ўқув юртлари битирувчиларини иш билан таъминлаш ҳолати тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Қолаверса, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда боғдорчилик-узумчилик ширкатларининг амалдаги фаолияти ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижалари ва бошқа масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг