Сенат учта қонунни маъқуллади

Бугун бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида ҳозирга қадар учта қонун маъқулланди.
Дастлаб, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Қонун билан тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашиши, мурожаат қилувчи 10 календарь кунда хулосани олиши мумкинлиги, тиббий текширувлар бепул амалга оширилиши, ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар режимида имтиёзли даволаниши, протез-ортопедия анжомларига бўлган эҳтиёжлари қондирилиши каби масалалар белгиланмоқда.
Сенат томонидан «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонун ҳам маъқулланди.
Ушбу қонун низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ҳамда шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш каби мақсадларни кўзда тутади.
Шунингдек, сенат томонидан «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги Қонун маъқулланди.
Қонунда наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги қарор унинг яшаш жойидаги ёки наркология муассасаси жойлашган ердаги суд томонидан 20 кунлик муддатда, ушбу шахс ҳозирлигида қабул қилиниши белгиланмоқда.
Маҳаллий давлат ҳокимияти, меҳнат органлари даволаниб чиққанларни ишга жойлаштириш ҳамда маиший турмушга мослашишида кўмаклашиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда.
Маъқулланган қонунлар Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач расмий кучга эга бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter