Отабек Сатторийнинг суд иши бўйича расмий баёнот берилди
Ижтимоий тармоқларда блогер Отабек Сатторийга оид жиноят иши апелляция инстанциясида кўриб чиқиш жараёнида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар очиқ суд мажлисига киритилмай гўёки процесс ёпиқ шаклда ўтаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукмига нисбатан О. Сатторий ва унинг ҳимоячиси томонидан берган апелляция шикояти Самарқанд вилояти судининг иш юритувига жорий йилнинг 16 июнь куни келиб тушган. Апелляция инстанцияси суд мажлиси 2021 йил 29 июнь куни соат 11:00да Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди биносидан бошлаган.
Аниқланишича, суд мажлисига рислик этувчи судья томонидан суд таркиби ва иштирок этаётган тарафлар эълон қилиниб, жиноят процесси иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилган. Шундан сўнг раддия ва илтимосномалар бор-йўқлиги сўралганда судланувчи О. Сатторий ва унинг ҳимоячиси томонидан прокурор ва судлов таркибини рад этиш тўғрисида ҳамда судланувчининг отаси А.Сатторийни адвокат билан бир қаторда ҳимоячи сифатида иштирок этишга рухсат бериш ҳақида илтимоснома киритилган.
Суд тарафларнинг ушбу илтимосномалар юзасидан фикрларини эшитиб, алоҳида хонага кириб чиққандан сўнг раддияни рад этиш, илтимосномани эса қаноатлантириш ҳақида ажрим чиқарган.
«Берилган маълумотларга кўра, суд мажлисида иштирок этиш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил этгани, уларнинг аксарияти судланувчининг яқинлари экани боис суд мажлиси залига ҳаммани сиғдиришнинг имкони бўлмаган. Шундай бўлса-да, суд мажлисида уч нафар блогер ва бир нафар журналист иштирок этган. Бу ижтимоий тармоқларда «Сатторий иши ёпиқ кўрилмоқда», «суд мажлисига журналист ва блогерлар киритилмаяпти», «Судда очиқлик ва шаффофлик йўқ» деган мазмунда тарқатилаётган хабарлар ҳақиқатдан йироқ эканини кўрсатади.
Иккинчидан, О. Сатторийга оид жиноят иши биринчи инстанция судида кўрилганда қатор ОАВ ходимлари ва блогерлар монеликсиз иштирок этиб, ҳатто суд жараёни тўғридан-тўғри ижтимоий тармоқларда эфирга узатилган, демакки, уларни апелляция инстанцияси мажлисига қўймасликда на маъно бор, на мантиқ.
Эътиборга олиш керакки, О. Сатторийга оид жиноят иши апелляция инстанциясида кўришнинг эндигина тайёрлов қисми ўтказилди, холос.
Суд муҳокамасининг тайёрлов қисмида жабрланувчи тараф адвокатининг соғлиги ёмонлашганлиги, шунингдек судланувчининг ҳимоячиси ишга янгидан киришганлиги боис суд муҳокамасига тайёргарлик кўриш учун зарур вақт берилиши ҳақида киритган илтимосномасини инобатга олиб, суд мажлиси 2021 йил 30 июнь куни соат 10:00га қолдирилди», дейилади баёнотда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter