Россияда 23 йил қамоқда ўтирган ўзбекистонлик Тошкентга қайтиши билан яна 17 йилга «кесилди»
Россиянинг Кемерово суди ҳукми билан 23 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган каттақўрғонлик шахс жазони тўлиқ ўтаб, Ўзбекистонга қайтиши билан қўлга олинди. Бу ҳақда «Замон» дастурида хабар қилинди, деб ёзади «Дарё».
Қайд этилишича, Россиядан қайтган эркак Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Бунга сабаб 51 ёшли эркак бундан 24 йил аввал Каттақўрғон туманида яшовчи фуқаронинг уйида босқинчилик қилган.
Унинг икки босқинчи шериги 20 йилга қамалган. У эса жазодан қутулиб қоламан деб хорижга қочиб қолган.
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг очиқ суд мажлисида 24 йил аввалги жиноят иши кўрилди.
Ўзганинг мулкига зўравонлик билан эга чиқишни кўзлаган йигитлардан бири 1996 йили қайнотасига атаб хат ёздиради. Судланаётган шахс эса хатни ташлаб келади. Хатда «ВАЗ 2106» русумли машинаси ва пулларни бермаса, уйни ёқиб юбориши ва Самарқанд давлат университетининг Ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олаётган қизини ўғирлаб кетиш билан қўрқитилган жумлалар бўлган.
Йигитлар буюртмачи шеригининг қайнотасига куч ишлатиб, моддий бойликларини қўлга киритади.
«Уйга борганимизда соат 1-2 лар эди. Уч киши бўлиб бордик. Куёвнинг ўзи бормади.
Ўша вақт 26 ёш эдим. Шеригим бир одамдан қарзимни оламиз деб мени бошлаб борди. Уйга борганда тўполон бўлди. Мен кейин уйдан чиқиб кетдим. Бошқа ҳеч нима қилмагандим. Кейин Россияга кетвордим», – дейди айбланувчи.
Ҳозир жабрланувчи – қайнота ва унинг аёли ҳаёт эмас. Уларнинг ўрнига марҳумларнинг жияни судда иштирок этган.
Прокурор суддан судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 4-қисми «а», «в» бандлари (жуда кўп миқдорда уюшган гуруҳ иштирокида талончилик) билан 8 йилга, кодекснинг 267-моддаси 3-қисми «б» банди (уюшган гуруҳ томонидан транспорт воситасини олиб қочиш) билан 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни, кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш билан узил-кесил 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўраган.
Суд айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «в» (уюшган гуруҳ томонидан содир этилган товламачилик) банди билан 12 йил, кодекснинг 267-моддаси 3-қисми «б» банди билан 12 йил, кодекснинг 164-моддаси 4-қисми «в» банди (уюшган гуруҳ томонидан содир этилган босқинчилик) билан 15 йил, кодекснинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш билан узил-кесил 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter