Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекция қурилишдаги талон-торожликларни фош қилди

Жиззах вилоятидаги «ААА» ДУК қурилиш корхонасининг мансабдор шахсларига бюджет маблағларини ўзлаштириш, сунъий дебитор қарздорлик юзага келтириш айбловлари билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекциянинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабар берди.
Маълум қилинишича, «ААА» ДУКда ўтказилган текширишда пудратчи мансабдор шахслари жами 2 млрд. 490 млн. 228 минг сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилгани ҳақида ҳужжатлар расмийлаштирган. Сўнг расмий ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 70 млн. 658 минг 400 сўмлик ишларни қўшиб ёзиб, ҳужжатларни сохталаштирган ҳамда кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилинган.
Бундан ташқари, корхона мансабдор шахслари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, 2017 йил давомида Меҳнат кодексининг 183-моддасига асосан интизомий жазо қўлланилган ходимларига жами 11 та ҳолатда 8 млн 990 минг сўм рағбатлантириш пуллари тўлаб бериб, такроран бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлар.
Шунингдек, корхона мансабдор шахслари дебитор қарздорликларни ўз муддатида ундириш чораларини кўрмагани натижасида 2018 йил 1 декабрь ҳолатига корхонанинг 193 млн. 886 минг 400 сўм муддати ўтган дебитор қарздорлиги юзага келишига сабабчи бўлиб, давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганлар.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Инспекциянинг Жиззах вилоят бошқармаси томонидан «ААА» ДУК мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter