«Қодиров иши». Ҳукм яқин: суд таркиби маслаҳатхонада!
Бугун, 25 июнь куни Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров, мазкур маҳкама судлов ҳайъатлари мутасаддилари иштирокида ўтадиган бундай тадбирларда тизимда амалга оширилаётган ишлар, уларнинг рақамлардаги аксидан ташқари айни пайтда панжара ортида кейинги қисматини кутаётган катта-кичик амалдорларга оид жиноят ишлари ҳақида сўрамасликнинг, гапирмасликнинг иложи йўқ, албатта.
Шундай бўлди ҳам: тадбирнинг савол-жавоб қисмида Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров ва бошқаларга нисбатан бўлаётган суд иши қай босқичда экани сўралди.
Жавоби қисқа бўлди: «суд ҳозир маслаҳатхонада!» Суд таркибининг маслаҳатхонага кўчиши суд мажлиси тугаб, оқловчию қораловчиларнинг музокараси ҳам ўтиб, жараён поёнига етиб қолганини англатади. Яъники, ҳукм яқин.
Суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтгани учун «Қодиров иши»нинг тафсилотлари оммага ошкор қилинаётгани йўқ. Суд ниҳоясида прокурор судланувчиларга қанча муддат жазо сўрагани, адвокатларнинг фикри қандай бўлганидан ҳам жамоатчилик бехабар. Маълуми шуки, судланувчиларнинг аксарияти (улар 13 нафар) мансаб ва мансабдорликка оид жиноятларда айбланаётир.
Олий суд мутасаддиларининг ваъдасига кўра, ҳукм ҳақида албатта маълум қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter