Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қодиров иши» бўйича Бош прокуратура ахбороти

«Қодиров иши» бўйича Бош прокуратура ахбороти

2019 йил 18 апрель куни интернет тармоқларида «Қодиров иши» доирасида ҳибсга олинган мансабдор шахслар тергов давомида қийноқлар ҳақида хабар беришди» номли мақола эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси шу юзасидан ахборот бериб ўтди.

Мақолада худдики айбланувчилар У.Суннатов ва У.Хуррамовларга нисбатан жисмоний ва психологик зўравонлик ва қўпол муносабатда бўлингани қайд этилган.

Аввал хабар қилинганидек (11.04.2019), Бош прокуратура томонидан Р.Қодиров ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов олиб борилган ҳамда 13 нафар шахсга мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, пора олиш, шунингдек, бошқа мансабдорлик ва иқтисодий жиноятларни содир этиш бўйича айб эълон қилинган.

Дастлабки тергов Жиноят-процессуал кодексининг қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда олиб борилган, айбланувчиларга ва уларнинг яқин қариндошларига нисбатан ҳеч қандай қийноқлар ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаган.

Айбланувчилар У.Суннатов ва У.Хуррамов уларга қўйилган айбловларни фақат қисман тан олган, бу эса уларга айблов бўйича ўз фикрини эркин ифода этиш имконияти берилгани ва уларга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказилганлик факти мавжуд эмаслигидан далолатдир.

Бундан ташқари, ушбу жиноят иши бўйича аввал эълон қилинган расмий хабарда (11.04.2019) таъкидланганидек, дастлабки тергов ва суд жараёнида барча айбланувчиларнинг соғлиғи Ички ишлар вазирлиги тиббий муассасаларининг доимий тиббий кузатувида ва назорати остида бўлди.

Таъкидлаш жоизки, дастлаб жиноят ишини судда кўриш бошланганида судланувчилар У.Суннатов ва У.Хуррамов судда сўроқ қилиш жараёнида ўз кўрсатмаларида содир этилган жиноятларда айбдорлигини тан олиб, ўз қилмишларига амалда пушаймонлигини билдиришди, аммо кейинчалик улар ўз кўрсатмаларини ўзгартириб, худдики уларга нисбатан қийноқ ва таҳдидлар қўллангани ҳақида хабар беришди.

Қонунчиликка биноан, айбланувчи ва судланувчилар уларга нисбатан эълон қилинган айблов бўйича ҳар қандай позицияни эгаллаш ҳуқуқига эга. Ўз навбатида Бош прокуратура У.Суннатов ва У.Хуррамовнинг тергов давомида уларга нисбатан қийноқлар қўлланганлиги тўғрисидаги важларига жавобан аниқ позициясини билдириб, юқоридаги кўрсатмалар ҳақиқатга мос келмаслигини қатъий таъкидлайди.

Аввал хабар берилганидек, бугунги кунда Р.Қодиров ва бошқаларга нисбатан жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилмоқда ва Бош прокуратура жиноят ишида иштирок этиш учун жалб қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича барча зарур чоралар кўрилишини кафолатлайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг