Қочоқ оталар Тошкентдан топилди
Ходимлар томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган қидирув тадбирлари давомида 6 нафар қидирувдаги қарздорлар топилган.
Бюронинг Бухоро вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Ихтиёр Олимовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, алимент тўлови мавжуд бўлган 6 нафар ота бюродан қочиб юрган.
Қарздор шахсларга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари судда онлайн тартибда кўрилиб, 4 нафар қарздор алимент қарзини тўлашдан бўйин товлаганлиги сабабли, уларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 2 нафар қарздор алимент пулини суд жараёнида тўлаб берган.
«Афсуски, ўз масъулиятини унутиб қўйган айрим оталар томонидан фарзандларига алимент тўламаслик ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб келган 634 нафар қарздор шахсларга нисбатан маъмурий ишлар қўзғатилди. Мазкур турдаги ижро ҳаракатлари давомида жорий йилнинг ўтган даврида жами 50 миллиард 990 миллион сўм миқдордаги алимент қарздорликлари ундирилди. Қўлланилган маъмурий жазодан тегишли хулоса чиқармаган 46 нафар қарздор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш)билан жиноят ишлари қўзғатилди», — деди Ихтиёр Олимов.
Таъкидланишича, Бюронинг вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари иш юритувида моддий таъминот ва алимент ундирувлари билан боғлиқ 14 мингга яқин ижро ҳужжатлар мавжуд. Шундан 3 мингга яқин ижро ҳужжатлар оилалар яраштирилганлиги муносабати билан тамомланган. Доимий иш жойига эга бўлмаган 973 нафар алимент тўловчи ишга жойлаштирилган. Биргина, жорий ойнинг ўзида 7734 нафар алимент тўловчилардан 8 миллиард 400 миллион сўм алимент пуллари ундирилган.
«Когон туманилик қарздор ота 44 ой давомида жами 61 миллион сўмдан ортиқ алимент тўлаган. Орадан вақт ўтиб, яна салкам 48 миллион сўм миқдоридаги алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаган. Ва суд органларидан яширинган. Қидирув тартиблари орқали Тошкент шаҳрида қўлга олинган отага нисбатан суд ҳукми билан 2 йилга муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Қарздор оталарнинг фарзандига алимент тўламагани учун суд томонидан тайинланган жазони ўтаб чиққани бу уларнинг тўловдан «қутилди», дегани эмас», — деди Ихтиёр Олимов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter