Қашқадарё вилояти прокуратураси биноси олдида ўзига ўт қўйган аёлнинг ҳаракати «провокация» дейилмоқда. Бош прокуратура ҳолатга ойдинлик киритди
Кеча ижтимоий тармоқлар ва айрим сайтларда Қашқардарё вилояти прокуратураси биноси олдида аёл киши ўзига ўт қўйганига оид хабарлар тарқалди. Бош прокуратура матбуот хизмати мазкур хабарга изоҳ берди.
Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, куйганлиги айтилаётган фуқаро О.Мустафоев ва унинг оила аъзолари томонидан Косон туманидаги «Т.Ш. Инвест» МЧЖга қарашли ер майдонининг бир қисми бирон-бир ҳужжатсиз эгалланиб, ноқонуний қурилиш ишлари амалга оширилган. Шундан келиб чиқиб, «Т.Ш. Инвест» МЧЖ раиси О.Мустафоевнинг оила аъзоларини МЧЖга қарашли ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш, ноқонуний қурилмаларни улар ҳисобидан буздириш ва тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилади.
Фуқаро О.Мустафоев ва унинг оила аъзолари суд томонидан қонуний қарор қабул қилинишини кутмасдан ушбу ҳолат бўйича Қашқадарё вилоят прокуратурасига мурожаат қилишган.
Вилоят прокуратураси томонидан О.Мустафоевга низо фуқаролик суддида мазмунан кўриб чиқилаётгани, ҳолат бўйича барча важларига суд муҳокамаси жараёнида баҳо берилиши ҳақида қонуний тушунтиришлар берилган.
Бундан ташқари, 18.02.2020 йилда ҳам О.Мустафоев оила аъзолари билан бирга вилоят прокуратурасида Косон тумани ҳокими иштирокида қабул қилинганида қурилишга 20 млн. сўм сарфланганлиги иддао қилинган. Туман ҳокими томонидан уларга қурилиш ноқонунийлиги ва бузилишини, аммо келгусида қонуний ер участкаси ажратилиши ва қурилишга ҳомийлик ёрдами кўрсатилиши тушунтирилган бўлсада, бу таклифни рад этишган.
Шундан кейин, О.Мустафоев ва унинг оила аъзолари 19 февраль куни эрталаб низоли уйда фуқаролик ишлари бўйича судья, эксперт ва мутахассислар томонидан ўлчов ишлари амалга оширилаётганлигидан норози бўлиб, вилоят прокуратурасига келишади. Ва ишни ўз фойдасига ҳал этиш мақсадини кўзлаб, вилоят прокуратураси биноси яқинида устига қисман ёқилғи сепиб, провокацион ҳаракатларни содир этишади.
РШТЁИМ вилоят филиалининг 19.02.2020 йилдаги маълумотномасига кўра, фуқаро О.Мустафоевнинг елка ва бўйин соҳасида 5-6 фоизли енгил куйиш жароҳати аниқланган.
Бизга берилган хабарда мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter