Қарзинг йўқми? Оқ йўл...
Дардинг бўлсаям қарзинг бўлмасин, деган гап бор. Бу бежизга эмас. Қарздорда хотиржамлик бўлмайди. Хотиржамлик йўқ экан, ишида унум қайда?! Боз «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 421-моддасига кўра, қарздор (жисмоний шахс) Ўзбекистон Республикасидан чиқиши вақтинча чеклаб қўйилиши мумкин. Бу талаб алиментчи оталарга ҳам тааллуқли. Ойига бир сиқим алимент тўлаши белгиланган бўлсаям то боласи вояга етиб, айни мажбуриятдан қутилмагунча аҳволи шу.
Бошқа чора йўқми?
Бор. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 808-сонли қарори билан «Алимент суммаларини олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги Низом» тасдиқланди. Унга кўра, алимент тўловчи шахс Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини қайта тиклаш учун алимент суммаларини олдиндан тўлаши ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасини тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади ва унинг четга чиқиш ҳуқуқлари тикланади.
Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг 02.11.2018 йилдаги ижро ҳужжатига асосан Ш.Сулаймоновдан М.Махрамова фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ёки бошқа даромадининг 1/6 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Ижро ишини юритиш давомида Ш.Сулаймоновнинг Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланганганди. Қарздорнинг мурожаати асосида у билан суҳбатлашиб, четга чиқиш ҳуқуқини тиклаш учун 96 ойлик алимент пулларини бирданига тўлаш лозимлиги тушунтирилди. Натижада ота 62 миллион сўмни тўлагач, чеклов бекор қилинди.
Яна бир мисол.
Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг 21.12.2017 йилдаги ижро ҳужжатига асосан С.Умматовдан А.Икрамова фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун қарздорнинг ҳар ойлик иш ҳақи ёки бошқа даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш кўрсатилганди. Мазкур ҳужжатга асосан чет чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланган С.Умматов МИБнинг туман бўлимга мурожаат қилиб, қолган давр учун алимент суммаларини ҳисоблаб беришни сўради. Тўланиши керак бўлган миқдор 50 миллион сўмлигини билгач, дарҳол тўловни амалга оширди.
- Қарзим қолмади-а?
- Албатта. Оқ йўл....
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter