Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш киритиш бўйича қонунни имзолади

Президент Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш киритиш бўйича қонунни имзолади

«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Жиноят процессуал кодексига киритилган қўшимчаларга кўра:

● Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш;
● Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув;
● Айбга иқрорлик тўғрисида келишув институтлари жорий қилинди.

 Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш – гувоҳ ва жабрланувчини ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига кўра сўроқ қилиш бўлиб, у суд томонидан амалга оширилади.

Гувоҳ ва жабрланувчини объектив сабабларга кўра кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қоладиган ҳолларда, уларнинг кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин.

Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув – жиноят ишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бирлаштириш, айблов далолатномаси ёки хулосасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни прокурорга юбориш ҳамда номақбул далилларни чиқариб ташлаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади.

Дастлабки эшитувни ўтказиш давомийлиги 10 суткадан ошмаслиги керак.

Айбга иқрорлик тўғрисида келишув – ўта оғир жиноят ҳисобланмайдиган жиноятлар бўйича айбига иқрор бўлган, жиноятни очишга кўмаклашган ва зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан прокурор билан тузиладиган келишув.

Қонун билан Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган ҳолда тайинланади.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг