Пойтахт ҳокимлиги судда ютқазди
Тадбиркорнинг икки йилдан бери сарсон қилиб келган Тошкент шаҳар ҳокимлиги судда ютқазди. Зиммасига мажбурият олиб, уни чала бажаргач, ютқазади-да.
Бизнес-омбудсман матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Миробод туманида фаолият кўрсатаётган «NIYAT SERVIS» хусусий корхонасига тегишли бино-иншоотлар (мулклар 1 365 226 773 сўмга баҳоланган) шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилганди. Етказилган зарарни қоплаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркорлик субъектига пойтахтнинг иккита нуқтасидан бино берди. Бироқ берилган иншоотлар қиймати бузилган бино қийматидан 401 539 593 сўм кам эдики, икки ўртада келишув битими имзоланиб, пойтахт ҳокимлиги ўртадаги тафовут миқдорича қўшимча бино бериш мажбуриятини олади.
Орадан икки йил ўтади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги зиммасидаги мажбурият «туя гўштини еб» ётаверди. Эҳ-ҳэ, бу орада тадбиркор озмунча жойга мурожаат қилгани йўқ...
Ниҳоят, масалага Бизнес-омбудсман аралашиб, тадбиркор манфаатини кўзлаган ҳолда Тошкент туманлараро иқтисодий судига 401 539 593 сўм компенсация тўловларини ундириш юзасидан даъво ариза киритди. Ўз навбатида, суд даъвони муаммосиз қаноатлантирди.
...Бор гап шу. Шу ўринда савол туғилади: тадбиркор ютдими? Бир қарашда масалага нуқта қўйилгандай. Бироқ орада тадбиркорнинг икки йили шамолга учгани-чи? Ишбилармонлар «вақтим — нақдим» мақолини хуш кўради. Айни мақолга пойтахт ҳокимининг ҳам ҳурмати чексиздир ҳарқалай. Шундай экан, адолат қарор топди дейишга шошмаслик керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter