Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ойлик берадиган кун янги йил байрамига тўғри келиб қолса, маош олдиндан тўланадими?

Ойлик берадиган кун янги йил байрамига тўғри келиб қолса, маош олдиндан тўланадими?

Фото: «Asr.uz»

Янги йил байрамига саноқли кунлар қолмоқда. Кимдир олдиндан бозорлик қилиб қўйган бўлса, айримлар янги йил учун харидларга ҳали шошилганича йўқ, чунки ишхонадан рухсат тегмаган ёки ойлик маошни кутмоқда.

Шу ўринда муҳим савол туғилади: агар ойлик оладиган кун янги йил байрамига тўғри келиб қолса, иш ҳақи олдиндан тўланиши керакми?

Бу саволнинг жавобини Меҳнат кодексининг 161-моддасидан топдик. Унга мувофиқ, ҳақ тўланадиган кун дам олиш ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, меҳнат ҳақи шу кун арафасида тўланиши белгиланган.

Расман тасдиқланмаган хабарларга кўра, Янги йил байрами арафасида 5 кун кетма-кет дам олиш куни белгиланиши кутилмоқда. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йилда дам олиш кунларини тартибга солишга оид фармон имзоланиши мумкин. Унга кўра, 2 январ дам олиш куни деб эълон қилиниши, 6 январдаги дам олиш куни эса 3 январга кўчирилиши эҳтимоли мавжуд. Ҳуқуқшуноснинг қайд этишича, мазкур ҳолатда қуйидагича кетма-кет 5 дам олиш куни пайдо бўлади:

30-31 декабр — шанба-якшанба;

1 январ — Янги йил байрами;

2 январ — қўшимча дам олиш куни;

3 январ — шанбадан кўчирилган дам олиш куни.

Ўз навбатида, 6 январ, шанба иш куни деб эълон қилинади.

Х.Худойбердиевнинг таъкидлашича, бу фармон ҳафтасига расман 5 кун ишлайдиган ходимлар учун тааллуқли бўлади. Шанба куни расман ишлайдиган ходимлар учун эса 3 кун кетма-кет, яъни 31 декабр ва 1-2 январ кунлари дам олиш бўлади. Ҳозирча ушбу фармон оммага эълон қилинганича йўқ. Аммо манбаларимизнинг хабар беришича, ҳужжат эрта-индин чиқиши кутилмоқда. Хўш, мавзкур ҳолатда одатда ойнинг бошида бериладиган иш ҳақи қачон тўланади?

Молия ва бухгалтерия соҳасида фаолият юритаётган мутахассислардан суриштирганимизда, амалиётда иш ҳақи табелга асосан тўланишини, бунда бюджет ташкилотлари ва хўжалик юритувчи субъектларининг ўртасида фарқ борлигини айтиб ўтишди. Хўжалик юритувчи субъектларда ишловчиларнинг ойлиги табел тўлдирилган кундан тўланиши мумкин. Дейлик, бундай корхоналар ходимларига одатда ойнинг 1-2-санасида иш ҳақини тўлашади, 2018 йилнинг 1-2 январи дам олиш кунига тўғри келган тақдирда, табелни 31 декабр куни топширишса, ўша куни банкдан ходимларининг иш ҳақларини олишлари мумкин.

Бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларнинг, шунингдек, давлат корхоналарида эса амалдаги ҳужжатларга кўра маълум ой учун иш ҳақи келгуси ойнинг 1-5-санасигача тўланиши белгиланган. Шунга кўра, республикамизда 31 декабр, 1-3 январ кунлари дам олиш куни деб эълон қилинган тақдирда ҳам, иш ҳақини тўлаш учун яна икки кун захирада қолади. Шу боис катта эҳтимол билан бюджет ташкилотларида ишловчилар декабр ойи учун иш ҳақини 2018 йилнинг 4-5 январида олишлари мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг