Отасининг ўлимига сабабчи бўлган ўғилга ҳукм ўқилди. Жазо асослими?
Марҳумлар ортидан салбий гап айтилмайди одатда. Бироқ гап содир этилган жиноят ва унинг оқибатлари ҳақида кетганда ҳаммасини борича айтишдан бошқа чора йўқ.
Пайариқлик Қ.Сувонқул ичкиликка ружу қўйганди. Бу шунчаки гап эмас. Ўз вақтида унга нисбатан суд қарори асосида алкоголизмдан мажбурий даволанишдек чора қўллангани ичкиликка қанчалар тобе бўлганини кўрсатади. Бироқ на панд-насиҳат, на мажбурий таъсир чоралардан наф бўлди. Ичкилик давом этаверди, оилада жанжал тўхтамади ва ҳар гал калтак хотинининг бошида синаверди, синаверди...
«Шайтон суви»га тобелик сабаб ўғли Жасур (26 ёшда) билан ҳам келишмовчиликлар ҳам чуқурлашди.
2017 йил 21 декабрь куни алламаҳалда оилада яна жанжал қўпти.
Жасур маст отаси чангалида типирчилаётган онасини қутқаришга тушади. Шу жараёнда беихтиёр кўзи қонга тўлган отасининг қорини ва кўкрагига мушт тушириб юборади...
Ким билсин, ўша куни фарзанднинг муштларига йиллар давомида йиғилиб қолган аламлар ҳам қўшиб тугулдимикан?
Муштлар зарбидан хушидан кетган ота туман марказий шифохонасига олиб келинади. Бироқ у бошқа кўзини очмайди: йигирма кунлик бехушликдан сўнг омонатини топширади...
Жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман судининг 2018 йил 4 апрелдаги ҳукмига асосан Жасур Худдиев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланган ҳолда беш ярим йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Жиноят енгил эмас. Тайинланган жазо-чи? Шу хусусида қатор саволлар туғилгани боис жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси Баҳодир Алиқулов билан мухтарсар мулоқот қилинди.
– Тўғри, мазкур жиноят оқибатида инсон вафот этди, – дейди «дело» вилоят судининг кассация босқичида кўрилганда маърузачи бўлган судья. – Бироқ буни қотиллик деб бўлмайди. Чунки, судланувчи отасини ўлдиришни қасд қилиб ҳаракат қилмаган-да. Шундан келиб чиқиб, унинг қилмиши Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан эмас, 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан (қасддан баданга оғир шикаст етказилиши натижасида жабрланувчининг вафот этиши) малакаланган.
Биринчи босқич суди жазо тайинлашда Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган. Бу нима дегани?
— Мазкур моддага кўра, суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ тайинлаши мумкинлиги қайд этилган. Ушбу жиноят ишида судланувчининг айбини енгиллаштирадиган ҳолатлар кўп: ҳеч кимнинг даъвоси йўқлиги, марҳумнинг тириклигидаги маънавий-ахлоқий аҳволи... Шу ва шу каби енгиллаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, судланувчига қонунда белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинланган, дейди Баҳодир Алиқулов.
Ҳукм қонуний ва асосли деб топилгани ортидан юқори босқич суди уни ўз кучида қолдирди...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter