Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Отабек Сатторийга нисбатан саккизта айблов эълон қилинди. Блогер айбловларни тан олмаяпти

Отабек Сатторийга нисбатан саккизта айблов эълон қилинди. Блогер айбловларни тан олмаяпти

Фото: ЎзА

Жиноят кодексининг 139 (туҳмат), 140 (ҳақорат қилиш) ва 165 (товламачилик) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Отабек Сатторийга оид жиноят ишини кўриб чиқишга доир очиқ суд жараёни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида бўлиб ўтиши хабар қилинганди.

ЎзА хабарига кўра, мазкур суд ишида блогер хусусида қуйидаги айбловлар ўқиб эшиттирилган:

  • 2021 йилнинг 29 январь куни Шеробод тумани «Қўрғон» маҳалласида яшовчи тумандаги «Чинора Гул Барака» раҳбари Л.Тўраевнинг вилоят ИИБга берган аризасига биноан 30 январь куни вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан Отабек Сатторийга нисбатан тезкор тадбир ўтказилган. Натижада Отабек Сатторий қиймати 5 миллион сўмлик Vivo-Х50 телефон аппаратини аризачидан олаётган вақтида қўлга олинган. 30 январь куни Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан 220001-2021-1-сонли жиноят иши қўзғатилган;
  • Отабек Сатторий «Термизшаҳаргаз» таъминоти бўлимида «Суюлтирилган газ» хизмати бошлиғи бўлиб ишловчи Тўхтамиш Кўчаровни шаҳарнинг «Гулистон» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатилиш ҳолати видео тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига 1,5 миллион сўм беришини талаб қилган. Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» Сурхондарё вилояти филиали директор ўринбосари бўлиб ишловчи Ўткир Турдиевни «Ҳудудгазтаъминот» Сурхондарё вилояти филиалининг шаҳар ва туман бўлимларидаги аҳолига газ баллонлар тарқатилишида ва бошқа салбий ҳолатлар юзасидан тайёрланган видеороликларни ижтимоий тармоқларга тарқатмаслик эвазига 10 минг доллар беришини талаб қилган;
  • «Ҳудудгазтаъминот» Денов тумани бўлими ҳайдовчиси Ашур Худойқуловни туманнинг «Шаҳринав» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатиш видеотасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари беришни талаб қилган;
  • «Ҳудудгазтаъминот» Бойсун тумани бўлими ҳайдовчиси Зокиржон Хурсановни туманнинг «Чилонзор» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатаётган ҳолат видеоматериалларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари сўрагани бўйича Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган;
  • Отабек Сатторий 2020 йилнинг июнь ойида Термиз шаҳар Истиқлол кўчасида кўп қаватли уйлар қурилишини амалга ошираётган «Термиз эко экспресс лойиҳа» раҳбари Тўлқин Шопўлатов ҳамда Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиевдан, шаҳар ҳудудида ва қурилиш соҳасидаги салбий ҳолатларни видео тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга чиқариш билан таҳдид қилган. Онаси Х.Исломованинг номига расмийлаштирилган Термиз шаҳар, «Саломатлик» кўчаси, 1-уйдаги ва синглиси С.Сатторий номига расмийлаштирилган 1 А-уйларнинг бузилиши натижасида тўлаб берилган 234,8 миллион сўм пуллар эвазига шаҳар ҳудудидан янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан 2 та (нархи 352 миллион сўм бўлган 2 хонали ва 431 миллион сўм бўлган 3 хонали) хонадонни расмийлаштириб беришни талаб қилган. «Термиз эко экспресс лойиҳа» томонидан Истиқлол кўчаси 6-уйдан 2 ва 3 хонали хонадонларни ўзининг номига расмийлаштиришга эришган;
  • Бу ҳолатда 245,1 миллион сўмни кўрсатилган хонадонлар учун МЧЖ ҳисоб рақамидан товламачилик йўли билан тўлов қилдирган ҳамда шартномада кўрсатилмаган 304 миллион сўм пулларни (жами 549,1 миллион сўм) эса шаҳар ҳокими И.Худойбердиев тўлашига мажбур қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ Тергов бошқармаси томонидан Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Жиноят кодексининг 165-модда 3-қисми «а» банди билан жиноий иш қўзғатилган;
  • Термиз шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали кадрлар бўлими бошлиғи Мастона Аҳмедова билан аввалдан зиддиятда бўлиб келган, Сабоҳат Равшанова орқали Мастона Аҳмедовага нисбатан шарманда қилувчи сохта ҳамда асоссиз маълумотлар асосида видеоматериал тайёрлаган;
  • Давлат хизматлари агентлиги Денов тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими ходими Насиба Нарбоева билан аввалдан зиддиятда бўлиб вақтинча ишсиз, Саодат Воҳидова орқали Насиба Нарбоеванинг ўз хизмат бурчини бажариш билан боғлиқ вазиятда уни пора олганликда айблаган. Туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган видеороликлар тайёрлаб, уларни Telegram мессенжери ва Facebook ижтимоий тармоғидаги «Халқ фикри» гуруҳ ва каналларига жойланган ҳолати юзасидан 24 февраль куни Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат қилиш) 3-қисми «а» ва «г» бандлари ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш)3-қисми «а» банди билан қўшимча айбловлар киритилган.

Хабар қилинишича, Отабек Сатторий ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмаган.

Очиқ судда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган блогерлар, тарафларнинг адвокатлари ҳам иштирок этган. Суд мажлисида дастлаб тарафларнинг шахси аниқланиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган. Айблов хулосаси ўқиб эшиттирилган. Суд ишида жабрланувчилар тингланган.

Таъкидланишича, «Eurasianet.org»нинг Марказий Осиё бўйича муҳаррири Питер Леонард ҳам суд ишини бевосита кузатиб, ижобий фикр билдирган.

Суд жараёнида журналист ва блогерларга техник воситалардан бемалол фойдаланишга рухсат берилган.

Суд иши 2021 йилнинг 17 март куни давом эттирилиши маълум қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг