Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оққўрғонлик қотил нега қўшниларининг болаларини ваҳшийларча ўлдирган эди? Мудҳиш жиноят тафсилотлари (видео)

Оққўрғонлик қотил нега қўшниларининг болаларини ваҳшийларча ўлдирган эди? Мудҳиш жиноят тафсилотлари (видео)

Фото: «Қонун номи билан» кўрсатуви

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди 8 йил давомида 3 нафар қўшнисининг турли ёшдаги вояга етмаган фарзандларини ўлдирган Зоҳид Отабоев умрбод қамоқ жазосига ҳукм этгани ҳақида хабар берилган эди.

Жиноятчи Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани, Хонобод маҳалласида рўй берган бу қотилликларини қўшниларидан ўч олиш учун мақсадида амалга оширганини айтган. Бу ҳақда Бош прокуратура томонидан тайёрланган «Қонун номи билан» кўрсатувида маълум қилинди.

Кўрсатувда ҳикоя қилинганидек, 2010 йилдан бошлаб Тошкент вилояти Оққўрғон тумани Хонобод маҳалласида болалар йўқолишни бошлайди. Одамлар орасида «маняк» пайдо бўлди, деган гаплар тарқалади. Ҳатто айрим оилалар маҳалладан кўчиб кетади. Йиллар давомида йўқолган болаларни қидириш ишлари ҳеч бир наф келтирмайди.

Ниҳоят, мудҳиш жиноятни амалга оширган қотил ушланади.

Тергов жараёнида 2003, 2005 ва 2014 йилда туғилган уч бола ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Зоҳид Отабоев томонидан ўлдирилиб, ўз ҳовлисига кўмилгани аниқланади. У қотилликка қўшниларидан қасд олиш мақсадида қўл ургани маълум бўлади.

2010 йилда 23 ёшли Зоҳид ўзинг маҳалладошлари билан текстил фабрикасида ишлар эди. Кунларнинг бирида Зоҳиднинг қўшнилари Аббос Отамурзаев, Шодиёр Алибоев, Зуфар Азимбоевлар ундан нега уйланмаётганлигини сўраб ўзаро ҳазил-ҳузул қилишади. Бу эса, Зоҳидга умуман ёқмайди, бўлиб ўтган суҳбатни унга нисбатан камситиш, эркаклик ғурурига тегиш деб қабул қилади. Ўша воқеадан кейин Зоҳид Отабоев танишларининг барчасидан ўч олишни мақсад қилади ва жиноий режа тузади. У қўшниларининг фарзандларини ўлдириб, шу орқали уларни хўрлаш, йиллар давомида руҳан эзиш, азобга гирифтор қилишни мақсад қилиб олади.

Зоҳиднинг биринчи ўлжаси Аббос Отамурзаевнинг 7 ёшли фарзанди Шаҳбоз Муҳаммаджонов бўлади. 2010 йилнинг 12 июнь куни Шаҳбознинг кўчада ёлғиз ўйнаб юрганлигини кўриб қолган қотил разил ниятини амалга оширишга киришади ва ёш болани алдаб ўз ҳовлисига олиб киради. Болакай нима бўлаётганлигини англаб етмасидаёқ Зоҳид унинг бошига муштлаб бир-неча бора кучли зарба беради. Кичкина жуссаси билан қаршилик кўрсата олмаган болакай бир зумда ҳушидан кетади. Бундан кўнгли тўлмаган қотил болакайни бўғиб ўлдириб, уни ҳовлидаги эски ҳожатхона ичига ташлаб, чўктириб юборади. Кейинчалик эса ҳожатхонани кўмиб ташлайди.

2014 йил 10 августда Зоҳид навбатдаги ўлжаси қўшниси Шодиёр Алибоевнинг 9 ёшли ногирон ўғли Ёрқинбек бўлди. Велосипед ҳайдаб юрган Ёрқинбекни у алдаб ўз ҳовлисига етаклаб келади. Зоҳид бу гал ҳам қотилликда аввал қўлланган эски усулдан фойдаланади. Болакайнинг жасадини эса бу сафар янги қурилган ҳожатхонага ташлаб юборади ва устидан тупроқ билан кўмиб ташлайди. Велосипедни эса маҳалладан оқиб ўтадиган ариқнинг чуқур жойига ташлайди. Қидирувларда бир неча кун ўтиб, Ёрқинбекнинг велосипеди ариқдан топилади, аммо боланинг ўзидан дарак бўлмайди.

Қотил Зоҳид Отабоев эса ҳеч нарса бўлмагандек яшар, ҳатто безбетларча қўшниларига далда ҳам бериб қўяр эди. У ўзини оилапарвар инсонлардек кўрсатиш ниятида Наргиза исмли қизга уйланади. Бироқ ундаги қўшниларидан қасд олиш нияти ҳануз сўнмаган эди.

Ўтган йилнинг ноябрида томорқада ишлаётган Зоҳиднинг ҳовлисига қўшниси Зуфар Азимбоевнинг уч ёшли ўғли Ойбек кириб келиб қолади. Фурсатдан фойдаланган қотил Ойбекнинг бошига кетмон билан зарба беради. Оғриқдан ерга йиқилган болакай титрай бошлайди. Шу вақт боласидан хавотирланган она фарзандини излай бошлайди. Аёлнинг овозидан чўчиб кетган Зоҳид болакайни кўтариб омборхонага олиб киради. Шу дамда ҳам болакай ҳали тирик эди. У гўдакни қўл ва оёқларини боғлаб, арқон билан бўғади. Ҳали танасида ҳаёт аломатлари бўлган болакайнинг бошига қайта ва қайта кетмон билан уради. Ойбек жон таслим қилади.

Шу пайт боласини излаб юрган Муҳлиса Азимбоева кўчадан туриб «Зоҳид» деб чақиради. Бир оз вақт ўтиб ичидаги ҳовурини босиб олган Зоҳид ҳеч нарса бўлмагандек чиқиб келади. Аёл ундан «Чақирсам чиқмадингиз? Ойбекни кўрмадингизми?» — деб сўрайди. Қотил унга: «Ухлаб қолибман, чақирганингизни эшитмабман», дейди. Аёл кетганидан сўнг Зоҳид уйга қайтиб болакайнинг жасадини чиқиндиларни ташлаш учун мўлжалланган ўрага кўмиб юборади.

Орадан уч кун ўтиб Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан жиноятчи қўлга олинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг