Она-бола эҳсон тарқатаётган имом-хатибни омма олдида ҳақорат қилди. Ва...
Фарғонанинг Қува туманида эҳсон тарқатаётган имом-хатиб омма олдида ҳақорат қилинди. Манбамизга кўра, воқелик 2020 йил 25 март куни Қува тумани Деҳқон бозорида содир бўлган.
Айтилишича, маҳаллий тадбиркорлар карантин муносабати билан кам таъминланган оилалар учун маълум миқдорда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини жамлаб, унинг тақсимотини туман имом-хатибдан илтимос қилишади. Шунга биноан эҳсонлар Деҳқон бозорида тарқатилаётган пайтда Д. М. (она) ва С.С. (ўғил) шахсий «Дамас»ида (!) келиб, маҳсулотлардан ўзларига ҳам берилишини талаб қилишади. Бироқ имом-хатиб эҳсонлар фақат муҳтожлар учун эканини, улар (она-бола) бундай тоифага кирмаслигини айтади.
Бундай жавобдан сўнг она-бола ғалва кўтариб, атрофдагилар эътиборини жалб қилган ҳолда имом-хатибни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилишга тушади. Камига айни жараённи уяли телефони орқали тасвирга олиб, «Бизнинг Қувада имом-хатиблар кам таъминланган оилаларга эмас, фақат ўзига ўхшаган бойвачча ҳожиларга эҳсон қилади», деган маънода ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборади.
Воқеликнинг эртаси куни (26 март) ҳолат юзасидан туман ИИБ ходимлари суриштирув ўтказишга тушганда она-бола уларнинг қонуний талабларига бўйсунмай навбатдаги ҳуқуқбузарлик содир этгани ҳам айтилади.
Ҳолатга аниқлик киритиш учун «Xabar.uz» мухбири Қува тумани маъмурий суди билан боғланди. Суд раиси Азизбек Жумаев воқеликни тасдиқлаб, куни кеча она-болага оид маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўриб чиқилганини маълум қилди.
Суд мажлиси якунига кўра, ҳуқуқбузар она жарима жазосига тортилган бўлса, унинг ўғлига нисбатан 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter