Олий суднинг икки судьяси «Ҳувайдо»га нега борди?
Маҳаллага судья келаркан дейилса, хаёл қочадиган бўлиб қолган: «кимни суд қиларкин?». Бундай тасаввур бежиз эмас. Яқин-яқингача судга иши тушмаган одам «тирик» судьяни кўрмасди ҳисоб. Энди вазият ўзгарган.
Жойларда сайёр судлар ўтказиш анъанага айланиб, бундай «машваратлар»га тез-тез гувоҳ бўлган одамлар қонун пешволарини кўравериб-кўравериб «кўзлари пишиб» кетяпти ҳатто. Энг муҳими, тасаввурлар парчаланди: судьялар қандайдир афсонавий шахс эмас, ҳамма қатори одам экан, суд мажлисларида расмий оҳангда гапирса-да, бошқа пайт катталарнинг ҳурматини, кичикларнинг иззатини жойига қўйиб, муайян масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришдан оғринмайди денг... Судларга бўлган ишончни оширишда шу ва шу каби тадбирлар анча фойда бераётгани ҳам бор гап.
Бироқ барибир пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани «Ҳувайдо» маҳалласига оддий суддан эмас, нақ Олий суддан бир эмас, икки нафар судья келиши маҳаллий аҳолининг айрим вакилларини ҳайрон қолгани рост: бизнинг ҳудудда қандай жиддий воқеа содир бўлдики, туман ёки шаҳар эмас, олий маҳкаманинг ўзидан одам келса?!
Кўп ўтмай меҳмонлар хайрли иш билан келишгани маълум бўлди.
Республика «Маҳалла» фонди ташаббуси билан шу маҳаллада тадбир ташкил қилиниб, унга Олий суднинг икки нафар судьяси (Ҳуснора Ҳакимова, Ирода Болтаходжаева) таклиф этилгани бекорга эмас. Сабабики, бир неча ой бурун Ўзбекистон Олий суди Холмўмин Ёдгоров (Олий суд раисининг собиқ ўринбосари, айни пайтда Судьялар олий кенгаши раиси) бошчилигида «Оила – муқаддас даргоҳ», «Ворислик ҳуқуқи қонун ҳимоясида», «Меҳнат ҳуқуқи қонун ҳимоясида» ҳамда «Ерга нисбатан ҳуқуқнинг вужудга келиши ва бекор бўлиши» каби қатор қўлланмалар нашр этилганди. Ушбу хайрли иш ҳукумат раҳбари даражасида маъқулланиб, қўлланмалар кўпроқ ададда чоп этилиб, текинга тарқатишдан ташқари маҳаллаларда тарғиб этиш, уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида тадбирлар уюштириш тавсия этилганди.
«Ҳувайдо»да аҳоли билан бўлган жонли мулоқот шундай тадбирларнинг дебочаси бўлди. Учрашувда Олий суд судьялари оила, мерос, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бу борада юзага келадиган фуқаролик-ҳуқуқий низоларнинг ҳал этиш тартиблари ҳақида атрофлича тушунчалар берди. Айтилдики, қайд этилган қўлланмалар фуқароларимизнинг судда камроқ иши тушиши учун тайёрланган, зеро, ҳақ-ҳуқуқини билган одам қонун билан зиммасига юклатилган масъулиятни ҳам англайди. Ҳуқуқ ва масъулиятни бирдай англаш эса турли низоларнинг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.
«Маҳалла» фонди билан ҳамкорликда бундай тадбирлар тез-тез уюштирилади, насиб...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter