Олий суд матбуот хизмати фуқаролар қабули бўйича билдирилган танқидларга муносабат билдирди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Олий суд вакилларининг фуқаролар учун қабул эшикларини ёпиб олгани борасидаги танқидий фикрларига нисбатан расмий муносабат билдирилди.
Олий суд матбуот хизматига кўра, мамлакатимиз ҳудудида карантин чоралари кучайтирилган кезлари Олий маҳкама Раёсати Қарорига ( «Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида», 2020 йил 20 мартдаги РС-13-20-сон) асосан, фуқароларнинг шахсий қабули, шу жумладан, Олий суд раиси ва раис ўринбосарлари қабули вақтинча тўхтатилгани бор гап. Аммо шикоят ҳамда аризалар электрон шаклда [email protected] почта манзили орқали қабул қилиш, уларнинг амалдаги қонунчиликка мувофиқ кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этиш чоралари кўрилган. Шунингдек, судларга электрон мурожаатлар, шунингдек, Олий суд раҳбарияти қабулига электрон рўйхатдан ўтиш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлари портали my.sud.uz орқали ҳам амалга оширилганини қайд этар экан, «...Олий суд раҳбарияти томонидан фуқароларнинг қабули мутлақо амалга оширилмади», деган иддаолар асоссиз, дея таъкидлайди. Айтилишича, 2020 йил мобайнида Олий суд раҳбарияти томонидан жами 5 896 нафар фуқаро қабул қилинган. Уларнинг 1 876 нафари бевосита Олий судда, 3846 нафари сайёр қабулларда, 174 нафари видеоконференцалоқа тизими ёрдамида қабул қилинган. Бундан ташқари тармоқлардаги муҳокамаларда номи тилга олинган Олий суд раисининг ўринбосари И. Муслимов ўтган йили 1 472 нафар (бевосита Олий судда 685, сайёр қабулларда 775 нафар, видеоконференцалоқа тизими орқали 12 нафар) фуқаро қабул қилинганига урғу берилади.
Муносабатда Олий суд раҳбарияти қабулига кириш тартиби хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилади. Жорий этилган тартибга асосан ( ва ҳар бир судья мустақил эканлиги нуқтаи назаридан холисликни таъминлаш мақсадида) фуқаролар Олий суд раисининг қабулига раис ўринбосарининг қабулидан кейин (раис ўринбосарининг жавоб хатидан норози бўлган тақдирда) киришлари белгиланган. «Ушбу тартибдан бехабар айрим фуқаролар ўртасида баъзан тушунмовчиликлар юзага келиши табиий, албатта. Бундай норозиликларни ижтимоий тармоқларда зудлик билан тарқатиб юбориш орқали кенг жамоатчилик ўртасида судларга нисбатан салбий фикрлар юзага келаётганидан ҳам кўз юмолмаймиз», дейилади муносабатда. Шу баробарида пандемия муносабати билан Олий суд раҳбарияти томонидан фуқаролар қабулини тўлақонли амалга ошириш имконияти бўлмаганлиги, ўз навбатида, айни шу мураккаб вазият сабабли баъзи фуқароларга судга мурожаат қилиши учун ноқулай вазият юзага келганлиги ҳам инкор этилмайди.
Бугунги кунда Олий суд раҳбарияти, умуман, судларда фуқароларнинг қабули белгиланган тартибда ва карантин қоидаларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда, дея таъкидланади муносабат ниҳоясида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter