Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Одил қози ва адолат тарозиси. Ёки судья маънавияти ҳақида икки оғиз...

Одил қози ва адолат тарозиси. Ёки судья маънавияти ҳақида икки оғиз...

Суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар, уларнинг ижобий натижалари ҳақида кўп ва хўб гапириш мумкин. Айниқса, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш борасидаги реал ҳуқуқий чора-тадбирларни айтинг. Судьяларнинг ижтимоий муҳофазасини-ку, аввалгиси билан таққослаб бўлмайди ҳатто...

Қайд этилган икки омил ўтказилаётган ислоҳотлардан бир чимдим, холос. Ва айтиш мумкинки, улар тизимдаги ўзгаришларнинг ўзаги ҳисобланади. Зотан, судьянинг дахлсизлиги амалда таъминланмай туриб, суд ҳокимияти мустақиллиги ҳақида гапириш қийин. Унинг ижтимоий муҳофазасисиз тизимда турли суиистеъмолчиликларнинг олдини олиб бўлмайди, бунинг учун «бўш қоп тик турмайди» мақолини эслаш кифоя. Бундай улкан ва хайрли ишлар осон бўлмаган пандемия шароитида амалга оширилгани эса давлат раҳбарининг сиёсий иродасидан яна бир карра далолат қилади.

Судьялик инсон тақдири билан бевосита боғлиқ вазифа, шундай экан, айни лавозим эгаларидан қонунларни мукаммал билиш ва уларни тўғри қўллаш талаб этилиши аён. Бироқ бу — талаблар шундангина иборат дегани эмас. Давлатимиз раҳбари «Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди», дея бежиз таъкид этгани йўқ. Чунки, қайси соҳа вакили бўлмасин (жумладан, судья ҳам!), маънавиятга ошно бўлмай камолотга эришиши қийин. Шу маънода Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан чоп этилган «Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» китоби ўз вақтида нашр этилган рисола, шу баробарида юрт раҳбарининг юқоридаги даъватига «лаббай» деган жавоб ҳамдир.

Маънавият. Одоб. Масъулият. Булар бир-бирини тўлдирувчи омиллар бўлиб, инсон камолотининг, таъбир жоиз бўлса, қон томири ҳисобланади. Шундан келиб чиқилса, китобнинг номиёқ унинг мазмун-мундарижасини очиб берганини кўриш мумкин: маънавиятли судьянинг одоби ҳам жойида бўлиб, масъулиятни теран ҳис этади.

«Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» бошдан-оёқ қуруқ ваъз-насиҳатлардан иборат эмас, мавзу моҳиятан битта бўлса-да, мундарижа ранг-баранг. Мутолаа жараёнида буюк Қодирийнинг «Мозийга қайтиб иш кўрмак хайрликдур», деган ҳикмати такрор-такрор ёдга тушади. Чунки, унда судьяликнинг тарихи-ю ўтмишдаги қозиларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида таъсирли ҳикоятлар, ривоятлар оз эмас. Шунингдек, дин-у диёнат, одоб-у ахлоқ хусусидаги муқаддас манбалардан ҳам етарлича ўрин берилган. Ўқийсиз, ўқийверасиз, ногоҳ саҳифалараро бир садо қулоғингиз остида жаранглагандай бўлади: бирни кўриб — фикр қил, бир кўриб — шукр... Охирги жумлалар бироз шоирона бўлиб кетди, узр. Буям китоб мутолааси таъсири, аслида. Чунки, китобни ўқигач, шундай ҳиссиётлар чулғайдики, аввало, қисмат шундай мақом (судья) раво кўрганига шукр қиласан, ўз навбатида бу мақомнинг масъулияти ҳақида чуқур ўйга тушасан...

Тизимда «Судьянинг ички ишончи» деган гап бор. Бу шунчаки гап эмас, балки ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган. Бунинг қисқа шарҳи шуки, судья қарор қабул қилиш жараёнида қонун нормалари билан бир қаторда ўз ички ишончига ҳам таянади. Яъни, якуний ва қонуний қарор қабул қилишда судьянинг ички ишонч ҳам муҳим фактор ҳисобланади. Ички ишончнинг аниқ мезонлари йўқ, у индувидал ҳолат бўлиб, ҳар бир судьянинг қувваи ҳофизасига боғлиқ.

«Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» китобида судьянинг ички ишончига доир ўта нозик ва хасос мавзу эътибордан четда қолмагани алоҳида таъкидга лойиқ. Ўқиймиз: «...судья бадиият билан ошно бўлиши керак. Чунки, китоб жамият ҳаётидаги муносабатларни чиройли шакл ва мазмун билан оққа кўчиради. Судья инсон қалбини англаши учун бундай асарлар мутолааси билан машғул бўлиши керак. Судья бадииятни ҳис қилса, у тарафларнинг руҳий кечинма(лар)ини тушунади, у(лар)нинг қалбига назар сола олади. Қабул қилинган қарорнинг моҳиятини унга англатади... Унутмаслик керакки, ўқишдан тўхтаган киши фикрлашдан тўхтайди». Аён бўлмоқдаки, судья ички ишончининг қуввати унинг маънавиятига боғлиқ экан! Дарҳақиқат, шундай: зотан, «адолат» билан «маънавият» тушунчаси ҳамиша ёнма-ён туради, адолатни қарор топтиришга масъул судьянинг маънавияти муҳим аҳамият касб этиши ўз-ўзидан маълум.

Китобда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлар ҳақида сўз бориши табиий. Мутолаа жараёнида ислоҳотлар янада самарали кечиши учун ҳар бир судья ўз-ўзини ислоҳ қилиши ҳам лозим, деган ғоя мужассам эканига амин бўласиз. Негаки, ислоҳотларга ўзини дохил деб билган ҳар бир шахс ишни ўзини ислоҳ қилишдан бошласагина кутилган натижага эришиш мумкин. Чунки, юрт тараққиёти, эл осойишталиги жамиятда устуворлиги билан чамбарчас боғлиқ. Суднинг фаолияти эса айнан қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган («Судлар тўғрисида»ги қонун, 4-модда).

Муайян касб эгалари учун махсус қўлланмалар чоп этилиши, борлари эса изчил янгиланиб турилиши маълум. Бундай қўлланмалар маълум доирага мўлжаллангани учун ҳам жамоатчилик улар ҳақида етарли тассаввурга эга эмаслиги ҳам бор гап. «Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» китоби суд ходимлари учун қўлланма, тўғрироғи, маърифий қўлланма, албатта. Бироқ унинг қамрови катталиги эътиборидан том маънода кенг оммага мўлжалланган. Мазкур китоб ҳар бир хонадонда бўлса, қани?! Йўқ, ошириб юборилмади. Нега десангиз, ҳар бир хонадон соҳиби қайсидир маънода ўз оиласининг қозиси (судьяси) ҳисобланади. Улар ҳам (хонадони доирасида ижро этилиши мажбурий бўлган) ҳукм чиқаради, қарор ўқийди...

Муҳайё Дедамирзаева,
Наманган вилоят судининг
фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг