Нурхон Нафасов ва бошқаларга нисбатан суд жараёни бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси собиқ раиси Нурхон Нафасов ва бошқаларга нисбатан суд жараёни бўлиб ўтмоқда.
Бу ҳақда «Xabar.uz»га Олий суд матбуот хизмати вакили Азиз Обидов маълум қилди.
Нурхон Нафасов ва бошқаларга оид иш жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида мазмунан кўриб чиқилмоқда. Унга Каратэ миллий федерациясининг собиқ бош котиби О.Қосимов ва собиқ бош бухгалтери Ж.Юсупов ҳам судланувчи тариқасида жалб этилган.
Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 192-11 (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 228 (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.
Суд жараёни давом этмоқда.
Ўтган йилнинг охирида Н.Нафасов можароли тарзда Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси раҳбарлигидан четлатилганидан сўнг ташкилотда қўшҳокимлик юзага келганди. Орадан кўп ўтмай Миллий олимпия қўмитасининг (МОҚ) расмий сайтида Н. Нафасовга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар пайдо бўлади. Бош прокуратура эса бу хабарни «айбсизлик презумциясига зид» эканини таъкидлаб, МОҚ тутган ишни қоралаб чиққани кўпларнинг ёдида бўлса керак.
Ушбу суд жараёни Н.Нафасов ва МОҚ собиқ раҳбарлари ўртасидаги можароларга ойдинлик киритиши эҳтимоли катта.
Кузатамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter