Нукусда миллий гвардия ходимининг тўппончасини олиб қўйган шахс судда кечирим сўради
Нукусда миллий гвардия ходимининг «Макаров» тўппончасини олиб қўйган шахс судда кечирим сўради. У ҳибсга олунгунга қадар Қорақалпоғистон давлат университети ўқитувчиси бўлиб ишлаган
Бухорода судланаётган 22 нафар судланувчининг бири бўлган Разбек Бекмуратов 2 июль куни Нукус шаҳри «Наупир» МФЙ ҳудудида оммавий тартибсизликни бартараф этиш учун сафарбар қилинган миллий гвардия ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан жароҳати етказиб, «Макаров» маркали тўппончасини олиб қўйган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди биносида бўлиб ўтаётган очиқ суд мажлисида 1 декабр куни тушдан кейин Разбек Бекмуратов Нукусда тартибсизликлар рўй берган кунлари бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб берди.
Суд, прокурор ва адвокатларнинг саволларига жавоб қайтарар экан, жумладан, у ижтимоий тармоқлардаги видеоларни кўриб, таъсирланиб кўчага ноқонуний намойишга чиққани, 5 июл куни Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши олдида катта митинг бўлиши ҳақидаги хабарлардан кўпроқ таъсирлангани ва қўллаб-қувватлаганини айтди.
Миллий гвардия ходимларига ҳужум қилингани, жумладан, улардан бирининг кийими мажбурлаб ечтирилаётганда тўппончаси ерга тушиб кетганини кўриб, ўқотар қуролни эгаллаб олганини тан олди.
Ҳибсга олингунга қадар Қорақалпоғистон давлат университети ўқитувчиси бўлиб ишлаган 30 ёшли Разбек Бекмуратов аввалги суд мажлисида айбига қисман иқрор эканини билдирган эди.
Бугунги бўлиб ўтган суд мажлисида у кўзда ёш билан қилган ишидан пушаймон эканини сўзлаб, президентдан, ўзбек ва қорақалпоқ халқларидан кечирим сўради. Суддан жазо тайинлашда қарамоғида вояга етмаган ёш болалари борлигини инобатга олишни илтимос қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter