Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Низолашаётганлар суддан... совға билан кетишди!

Низолашаётганлар суддан... совға билан кетишди!

Фото: «Google.com»

Айнан шундай: мерос билан боғлиқ низо устида судлашаётган томонлар суддан, тўғрироғи, судьялардан совға олишди.

Низо беш йилдан буён давом этарди денг. Боз устига, низолашаётганлар бир-бирига бегона эмас: бир қориндан талашиб тушмаган бўлса-да, битта отанинг фарзандлари!

Гап шундаки, Турсун ота рафиқаси вафотидан кейин уч нафар фарзанди билан қолади. Биласиз, оила кўрган эркакка маҳрам керак, бусиз илож йўқ. Шу боис ота иккинчи бор турмуш қуриб, ундан бир нафар фарзанд кўради.

Ҳамма муаммо Турсун ота вафотидан кейин бошланади. Марҳумдан қолган уй-жой, автомашина ва бошқа мулклар аввалги турмушидан туғилган уч нафар фарзанди ва кейингисидан дунёга келган бола ҳамда она ўртасида талашишга тушилади. Билса-билмаса ақл ўргатадиганлар кўп-да: сен мероснинг фалончасига, сен эса фистончасига эга бўлишинг керак, дегувчи «донишманд»лар икки ўртада фитна қўзғайди, холос. Агар томонлар бир-бирининг меросга оид ҳуқуқини тан олса, олам гулистон: низога ўрин қолмайди, қондошлик ришталарига путур етмайди...

Хуллас, низо чувалашиб судгача етиб борди. Турган гап, суд қароридан икки томон ҳам мамнун бўладиган ҳолатлар кам. Ҳар ким ўзини ҳақ деб билаверганидан кейин суд қарори устидан шикоят ёзилаверади, ёзилаверади-да...

Шу тариқа томонлар беш йилни ўтказишибди.

Ниҳоят, ушбу фуқаролик иши Олий судда назорат тартибида кўриладиган бўлди. Судлов ҳайъати (Х. Ёдгоров, Х. Ҳакимова, Б. Тангабаев) қарайдики, низо юзасидан чиқарилган охирги ажримда айрим процессуал нормалар бузилгандай, бироқ бу суд ҳужжати моҳиятига кўпам таъсир қилмайди. Шунга қарамай шу меъёрнинг бузилиши ажримни бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи босқичга юборишга етиб ортади. Кейин-чи? Кейин яна судлашиб юриладими? Бундан (айрим адвокатлардан бошқа) кимга наф?

Қисқаси, судлов ҳайъати ҳамма меросхўрларни судга чақирди. Уларнинг ҳар бирига ворислик ҳуқуқи, отадан қолган меросдаги улуши миқдори обдон тушунтирилди. Ва низони келишув йўли билан ҳал этишни таклиф этилиб, ҳатто келишув битимини тузиб ҳам берди. Розимисизлар?

Бу томонларга хўб маъқул келди. Розиликларини билдиргач, келишув битими суд томонидан тасдиқланиб, фуқаролик иши иш юритувдан тугатилди. Нуқта.

Айтганча, суд мажлиси тугагач, раислик этувчи томонларни яна бир неча дақиқа ушлаб қолиб, уларга «Ўзбекистонда мерос ҳуқуқи» ва «Ворислик ҳуқуқи» номи остида чоп этилган китоблардан совға қилди. Айтилдики, меросга оид низолар амалиётда кўп учраяпти, шуларни камайтириш ва аҳолининг ҳуқуқи онгини шакллантириш ниятида Олий суд шундай қўлланмалар чиқаряпти, ўқинглар, бошқаларга ҳам тавсия қилинглар, токи, сизлардай судларда йиллаб вақтини йўқотмасин...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг