«Мусаффо осмон» эффекти: таниқли ҳажвчилар нега узр сўрашди?
Бугун Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати томонидан расмий каналда «Ҳазилнинг таги «зил» бўлмасин», «Машаққатли меҳнатни мантиқсиз ҳазилга йўйманг» сарлавҳали видеоматериаллар жойлаштирилди.
Видеолавҳаларда ТВдаги чиқишлари билан танилиб улгурган «Шўрданак» ва «Қалпоқ» ҳажвий кўрсатувлари ижодкорлари ЙПХ ходимларини ҳажв қилишгани учун «сўроқ» қилинишган ва улар «хатога йўл қўйишгани»ни билдиришиб, узр сўрашган.
Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва блогерлар муҳокамасига сабаб бўлди. Бу ҳолатни улар ижод эркинлигининг бўғилиши, цензуранинг бир кўриниши сифатида талқин қилишмоқда.
ИИВ актёрлардан узр сўратибди
Биз қачон масалалар замонавий ва қонуний йўл билан, яъни суд орқали ҳал қилинадиган даврга келамиз? Қачонгача муаммолар узр сўратиш, сазойи қилиш каби қолоқ, шубҳали, самарасиз ва инсонни камситувчи усуллар билан ҳал қилинади? — деб ёзади Bloger Shahnoza.
Бирма-бир узр сўрасаммикан...
Журналист Аброр Зоҳидов бу ҳолатга шундай муносабат билдирди:
«Мен ҳам кўп тизимларни танқид қилгандим журналист сифатида. Вазирликларига бирма-бир кириб узр сўрасаммикан ёки битта умумий етармикан?».
Қаергача борамиз?
«Шўрданак» ҳам узр сўрабди. Бирор мавзуга аралашиш мумкин эмас, шекилли. Ижод эркинлиги қаерда қолди?! У мумкинмас, бу мумкинмас билан қаергача борамиз? — қайд этган журналист Фазлиддин Сатторов.
Ижод эркинлигининг буғилиши
Бугун тармоқда ИИВ томонидан тайёрланган видео тарқала бошлади. Унда Шўрданак ҳажвий гуруҳи аъзолари ИИО ходимлари ҳақида тайёрлаган юмористик роликлари сабаб ўтиниб кечирим сўрашган.
Мен ягона тушунмаган нарсам — энди ижод учун ҳам узр сўраш керакми? Мутаассиблик эмасми бу? Ҳазилни шунчаки қабул қилишни қачон ўрганамиз? Нима ГАИ ходимларининг ҳаммаси авлиёми? Улар ҳеч ҳам пора олишмаганми?
Унда ёзувчи Тоҳир Малик «Шайтанат» учун орган ходимларидан, Ғафур Ғулом «Шум бола»даги муллалар эпизоди учун диний уламолардан, Абдулла Орипов эса айрим шеърлари учун бир нечта қатлам вакиллари ва мансабдорлардан кечирим сўраши керакмиди? Ижодку бу. Нима бўляпти бизларга. Нега бундай яшин тезлигида ғор асри томон кетяпмиз? Барака топгурлар, ахир бу шунчаки юморку. Оддий юмор. Кулдиришдан бошқа мақсад кўзламайдиган ижод тури.
Бу шунчаки ижод эркинлиги буғиш ва цензуралашдир. Видеодаги «крокодил кўз ёшлари» услубидаги узрлар эса унинг мажбурийлигидан далолат. Сал бағрикенгроқ бўлайлик. Юморни бундай оғриқли қабул қилиш нотўғри дўстлар. Йўқса, ГАИ ходимлари ҳақидаги минглаб халқ латифаларини ҳам тақиқлайлик. Уларни айтган одамларни қамайлик.
Айтганча, қоғозга ўрамай, ҳажв қилмай, ижод доирасида эмас, тўғридан-тўғри ИИО ходимларини ҳақорат қилган ва ҳатто судга ҳам бормаган Юлдуз Усмонова салом этвордила, — деб ёзади блогер Нозим Сафари.
Ростмана одам бўлиш барибир қийин экан...
Ўзбекистон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) «Қалпоқ»чиларга узр сўраттириб, жуда хунук, мутлақо мантиқсиз иш қилибди. ЙҲХББ тизимида умрида пора олмаган ҳалол ходимлар бўлиши ҳам мумкин, бўлганда ҳам улар жуда кўпчиликни ташкил этиши мумкин, эҳтимол боди-камералар ишга тушгач Тошкентда пора оладиган «командир»лар қолмагандир ҳам, лекин бу пора оладиган, тамагирлик қиладиган ЙПХ ходими умуман йўқ, дегани эмас. Буни, менимча, ҳамма билади (лекин ЙҲХББдаги қайсидир валломат билмайди, деб ўйлаяпман энди).
«Қалпоқ» ижодкорларини узр сўрашга мажбур қилиш ғояси ЙҲХББнинг қайси бир ўта ҳалол раҳбаридан чиққани номаълум, лекин унинг бетакрор мантиғи бўйича энди «Миллион» кулгу жамоаси аъзолари ҳам узр сўраши керак, ўша раҳбарнинг мутлақо тушунарсиз мантиғи бўйича энди раҳматли Обид Асомовдан ҳам узр сўраттириш керак — лавҳада айтилаётган «25-кадр» айнан «Миллион»у Обиднинг саҳна кўринишларида кучлироқ акс этган ахир. Энг ёмони шуки, ЙҲХББ тизимида шу топшириққа қарши чиқадиган, ҳеч бўлмаса: «ГАИ пайдо бўлганидан бери, миллион йилдан бери кўрсатиладиган юмор-ку бу», дейдиган одам топилмагани. Энг аянчли одам — юморни тушунмайдиган, ўрни келса ўзининг устидан кула олмайдиган одам. У юксак даражада ҳалол бўлиши мумкин, лекин барибир аянчли у.
«Қалпоқ» ижодкорларини узр сўрашга мажбур қилганлар, менимча, «Такси» фильмидаги телбанамо комиссар Жибер, «Пуштиранг пантера»даги инспектор Клузо, «Полиция академияси» сериали қаҳрамонлари иштирокидаги лавҳаларни кўрганда ҳам кулмаса керак. Ўшанда ҳам «ҳуқуқ-тартибот посбони устидан бундай кулиш, 25-кадр қилиш мақсадга мувофиқ эмас», деб ўтирса керак. Уриб турадиган юраги, танасида айланадиган қони бор робот бўлиш осон, лекин ростмана одам бўлиш барибир қийин экан, — хулосага келади блогер Муҳрим.
«Мусаффо осмон» эффекти
Ижодкорларнинг ҳажвий кўрсатуви учун узр сўраттираётганларга бугун қаршилик қилмасак, улар эртага салбий қаҳрамонлар акс этган бадиий асарларга ўт қўйишни бошлашади.
Бундай дунёқараши тор инсонлар учун ҳаммаёқда уларни мақташлари керак, ҳаммаёқда фақат яхшиликлар гапирилиши шарт, иллатлар ва камчиликлар мутлақо айтилмаслиги керак. Худдики ҳеч ким уларни танқид қилмаса, тизим ўз-ўзидан тозаланиб, яхшиланиб қоладигандек.
Яхшиям Абдулла Қаҳҳор, Ғофур Ғулом ва Саид Аҳмадлар бугунги кунда ижод қилмаяпти. Йўқса турли соҳалардаги иллатлар ҳажв қилинган сатирик асарлари учун бутун умри узр сўраш билан ўтиб кетар эди.
Айтганча, Ҳожибой Тожибоевнинг оиласини ҳам қидириб боринглар, марҳум қизиқчимизнинг қилган ҳазиллари учун фарзандларидан узр сўраттирарсизлар балки, агар шу билан кўнглинглар жойига тушса.
Ҳе, ўргилдим...
P.S.: айримларнинг очиқ ҳақорати учун жазолаш қўлидан келмаганлар, бугун аламини бошқа ижодкорлардан оляптими, нима бало. Энг алам қиладигани бунақа аҳмоқона ишларнинг ортидан соҳадаги жонкуяр, фидойи минглаб ходимлар ҳам бирдек азият чекади, уларнинг ҳам юзи шувут бўлади, — деб ёзмоқда Хушнудбек Худойбердиев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter