МИБ прокуратурани ҳам алдайдими? Ёхуд ижроси «дам еб» ётган ижро ҳужжатлари
Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан ўтказиладиган матбуот анжуманларида амалга оширилган ижро ишларига доир катта-катта рақамлар «баланд пардаларда» тилга олинади, дея ёзади журналист Нурулло Нўъмонов. Ваъда вафоси билан гўзал бўлганидек, суд қарорининг кучи – ижрода! Бажарилмаган суд ҳужжатининг эса «макулатура»дан фарқи йўқ.
Шу маънода МИБчиларнинг «ишлаган одам мақтанишни ҳам билиши керак», деган замонавий ақидага таяниб, ўз фаолиятларини фаол тарғиб қилишини тушунмоқ даркор. Бироқ ҳамма иш хатодан холи бўлмаганидай, уддалашнинг имкони бўлса-да, ижрочиларнинг тортмасида сарғайиб кетган суд ҳужжатлари ҳам бугун бирма-бир қалқиб чиқяптики, бу қайд этилган ҳаракат ва эътирофларга соя солиши турган гап.
Балиқчи туманида яшовчи Абдувоҳид Турсунов дуч келган муаммо ана шулардан бири.
Аслида масала у қадар мураккаб эмас: Абдувоҳид Турсунов ўзи раҳбарлик қилаётган «Ҳабибулло» кўп тармоқли хусусий савдо ишлаб чиқариш фирмасига тегишли ҳудуднинг 267 квадрат метр қисмига қўшниси А. Муродов ўзбошимчалик билан бино-иншоотлар қуриб олгани боис уларни жавобгар ҳисобидан буздириш юзасидан судда даъво қўзғаган. Узоқ тортишувлардан кейин фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди «қурилмалар буздирилиши, ноқонуний эгалланган ер эгасига қайтарилиши керак», деган тўхтамга келган. Қонуний кучга кирган суд ҳужжати муҳокама қилинмасдан, сўзсиз бажарилиши шарт. Аммо мана шу тартиб Турсуновга келганда ижрочининг «ёдидан кўтарилса»ми? Аввалига МИБнинг мазкур юмушга масъул ходими қарорнинг моҳиятини англамаганлигини таъкидлаб, низоли ернинг кадастр ҳужжатларида кўрсатилган қайси қисмидаги қурилмалар бузилиши юзасидан суддан тушунтириш сўради. Бюронинг мурожаатига асосан суд 2019 йил 18 апрель кунги ажримида масаланинг икир-чикиригача тўхталиб, ортиқча саволга ҳожат қолдирмай тушунтириб берди. Арзгўйдан савол сўраймиз: «Хўп, ижрочи математик ҳисоб-китобга зарурат сезиб риёзат чекмасин деб, суд ҳолатни кўрга ҳассадек қилиб тушунтириб берибди. МИБ масъули вазифасини охирига етказдими кейин?» «Йўқ-да, йўқ… Ижрочи ўз ишини тўла-тўкис адо этганида, ҳозир сизларга арз қилган бўлармидим?»
Маълум бўлишича, МИБ Балиқчи тумани бўлими ижрочиси А. Худойбердиев ўтган йилнинг 22 апрель куни низоли жойга келиб, назарда тутилган биноларнинг бир қисмини мажбурий тарзда буздириб, қолган қурилмаларни эса қарздор А. Муродов томонидан ихтиёрий тарзда олдириб ташланиши хусусида тушунтириш бериб, бу ҳақда далолатнома тузади. Таажжубли жиҳати шуки, далолатномада жавобгарнинг имзоси бор-у, даъвогар қўл қўймаган. Хуллас, вазифа қоғозда дўндирилган, амалда эса ниҳоясига етказилмаган. Абдувоҳид Турсунов ярим-ёрти ижро иши юзасидан МИБнинг туман ва вилоят раҳбариятига неча марта мурожаат қилди, эҳ-ҳе… Жавоблар бир хил: «ҳужжат ижроси ўзингизнинг иштирокингизда тўлиқ таъминланган…» Бу орада бир эмас, икки бор вилоят прокуратурасининг эшигини қоқди: «Ҳой барака топгурлар, бюро сизларнинг қошингиздаги ташкилот, шу муаммони бир ўрганиб, назорат қилиб беринглар, МИБчилар «ишингизни тугатганмиз», деб бақрайиб ёлғон гапиряпти-ку!»
Мазкур мурожаатлар якунидан англашилишича, прокуратура бюро ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан билдирилган шикоятларни ҳар доим ҳам атрофлича ўрганмайди, чоғи… Фуқаронинг важларидан кўра МИБ ходимининг сўзларига ишонишса керак-да. Негаки прокуратурадан берилган жавобларда ҳам ижро иши сифатли адо этилгани таъкидланади. Жумладан, вилоят прокурорининг ўринбосари Бахтиёр Худойбердиев имзоси билан 2019 йил 18 сентябрь куни берилган жавоб хатида айни мавзудаги иш тўлиқ якунланиб, ижро варақаси фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судига қайтарилгани қайд этилади.
Айни мавзуда суддан олинган маълумотнома эса юқоридаги жавобнинг акси: «Маъзур тутгайлар, ижро иши якунлангани ҳақида қарор ва далолатномалар бизга келиб тушмаган!» Қай бирига ишониш керак: судгами ёки бюро маълумотномасига асосан жавоб тайёрлаган прокуратурагами? Югур-югурлардан зада бўлган Абдувоҳид Турсуновнинг ҳолатини тасаввур қилаётган бўлсангиз керак? Охирига етказмаган вазифасини «тўлиқ уддаладим» деб ҳатто прокуратуранинг-да «кўзига чўп суқадиган» ижрочининг кўчадан келган оддий фуқарога муносабатини-чи?
...Баён этилган ҳолат андижонлик Дилшод Солижоновнинг МИБ билан боғлиқ «саргузаштлари» олдида ҳолва экан. Салкам тўрт йил аввал Жаҳонгир Турсунов деган йигит «Матиз» автоуловида Андижон шаҳрида йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб, ўз йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган «Нексия» билан тўқнашиб кетади. Оқибатда ҳар икки машинага каттагина зарар етади. «Нексия» Дилшод Солижоновга тегишли эди. Хуллас, етти ёт бегонанинг айби билан автомобилини ўз ҳисобидан 25 миллион сўмга таъмирлатган Солижонов ҳуқуқбузар Жаҳонгир Турсуновни судга беради. Избоскан тумани маъмурий суди 2017 йил 6 ноябрь куни жабрланувчи фойдасига 25 миллион 162 минг сўм ундириш тўғрисида қарор қабул қилади. Орадан ўн кун ўтгач, ижро варақа Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳри бўлимига юборилган.
Тартибга кўра, айни тоифадаги ҳужжатларни ижро этишда қарздорга зиммасига юклатилган қарзини ихтиёрий равишда тўлаб бериши учун 15 кун муддат берилади. Айни вақт оралиғида ундирув амалга оширилмаса, ижрочи ундирувчининг аризаси ёки ўз ташаббуси билан қарздорнинг мамлакат ҳудудидан вақтинча четга чиқиб кетмаслиги учун унга тақиқ қўйиши шарт. Давлат ижрочиси Машҳур Қодиров эса қарздор Жаҳонгир Турсуновга вақтинча тақиқ қўйиш ўрнига ундирувчини сарсон қила бошлаган. Жабрланувчи Дилшод Солижоновнинг «Ҳой, барака топгур, кун билан ой ўтяпти, ҳуқуқбузарга нега тақиқ қўймаяпсан? Эртами-индин четга чиқиб кетса нима қиламиз?» деган гапларига қулоқ солса қани?! Дилшод Солижоновнинг куюнганича бор экан: орадан олти ой ўтар-ўтмас қарздорни излаб топишнинг имкони қолмади – ердаям йўқ, кўкдаям! (Дилшод Солижонов қарздорни МИБ ижрочисининг яқин қадрдони, шу боис унинг қочиб кетишига шароит яратиб берди, деб ҳисоблайди).
Ундирувчининг саккиз ойлик югур-югурларидан кейингина – 2018 йилнинг 3 августига келиб, ижрочи Машҳур Қодиров қарздорга нисбатан қидирув эълон қилиш тўғрисида ҳужжат тайёрлаб, уни ички ишлар идораларига юборди. Бу вақтда ҳуқуқбузар яшаш жойида ҳам, кўча-кўйда ҳам қорасини кўрсатмай қўйганди.
Давлат ижросининг айни хатти-ҳаракатлари юзасидан берилган саволга МИБнинг Андижон вилояти бошқармасидан изоҳ олинди. Маълум бўлишича, Машҳур Қодировнинг шу ва шунга ўхшаш «қилиқлари» кўпайиб кетгани сабаб аллақачон паттаси қўлига тутқазилган экан. Хулоса шуки, ижрочининг ортидан сарсон-саргардон юрган фақатгина Дилшод Солижонов эмас. Шундай қилиб, Солижонов излаётган шахс қидирувга берилганига ҳам роса икки йил бўлди. Бу муддат ичида ижро ҳужжати МИБ Андижон шаҳар бўлими ижрочиларининг биридан иккинчисига, иккинчисидан учинчисига, қисқаси, ҳамон қўлдан-қўлга ўтяптики, натижадан дарак йўқ!
…Энди асосий гапга келсак. Гарчи МИБ томонидан жуда кўплаб суд қарорлари тўла-тўкис адо этилаётгани таъкидланаётган бўлса-да, юқоридаги икки ҳолат бу борадаги тиниқ тасаввурларни хира торттириши турган гап. Ҳар икки вазиятда ҳам ижрочиларнинг лоқайд, совуққон, ишга нисбатан кўзбўямачилиги ортидан муаммо юзага чиқяпти. Суднинг қонуний қарори бажарилмагач эса, фуқаронинг давлатга нисбатан ишончига путур етяпти. Бирники – мингга, мингники – туманга, деган гап бор-а?
Яқинда коммунал хизматлар билан боғлиқ ундирувлар мазкур тизимдан чиқарилгани барчага маълум. Бу ўз-ўзидан бюронинг қуйи тузилмасидан то юқори идораларига қадар иш кўлами анча енгиллатганидан далолат. Демакки, тизимга иши тушиб, йиллар давомида сарғайиб юрган Абдувоҳид Турсунов ҳамда Дилшод Солижонов каби фуқароларнинг шикоятларини батафсил ўрганиб, якунига етказиш учун энди масъулларда кўпроқ фурсат бор. Бюродан норози бўлиб турли идораларга арз битаётганлар сони эса жамоатчиликдан кўра МИБчиларнинг ўзларига яхши маълум.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter