Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марҳум прокурорнинг отаси судга киритган даъво аризаси юзасидан расмий баёнот берилди

Марҳум прокурорнинг отаси судга киритган даъво аризаси юзасидан расмий баёнот берилди

Фото: «Xabar.uz»

Шу йилнинг апрел ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов вафот этгани маълум қилинганди.

Марҳумнинг отаси ўғли хизмат вазифасини бажараётган вақтда иш жойида вафот этганлиги, тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари боқувчисиз қолса-да, унинг оиласига қонунга асосан кафолатланган нафақа пуллари тўлаб берилмаётгани сабаб Бош прокуратурани судга бергани ҳам аён бўлганди.

Дастлабки даъво аризаси ФИБ Миробод туманлараро суди томонидан қаноатлантиришдан рад этилганидан сўнг, марҳумнинг отаси қонун ижроси таъминланиши умидида қарор устидан Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти киритган.

Воқеа жамоатчиликка маълум бўлгач, ҳолат юзасидан расмий баёнот берилди.

Қайд этилишича, даъвогар А.Рахманов Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан фарзанди вафоти муносабати билан иш жойидан нафақа пули ундириш ҳақидаги даъво аризаси ҳамда маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги қўшимча даъвоси билан 2021 йилнинг 3 август куни мурожаат этган.

Фуқаролик иши суд мажлисида кўриб чиқилиши 2021 йил 24 август кунига тайинланган. Шу кунги суд мажлисида тарафлар ва уларнинг вакиллари иштирок этиб, ўз важларини келтириб, даъвогар томонидан маънавий зарар ундириш тўғрисида қўшимча даъво талаби келиб тушган. Мазкур қўшимча даъво юзасидан фуқаролик иши доирасида Бош прокуратура томонидан ҳужжатлар тақдим этилиши, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирилиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда меҳнат ҳуқуқ инспекторини учинчи шахс сифатида жалб этилиши сабабли суд мажлиси 2021 йил 6 сентябрь кунига қолдирилган.

Шу кунги суд мажлисида мутахассис сифатида жалб этилган БТПЖ Яшнобод туман бўлими вакили ва меҳнат ҳуқуқ инспектори келмаганлиги боис суд мажлиси 2021 йил 17 сентябрга қолдирилган.

Суднинг 2021 йил 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар А.Рахмановнинг даъвоси ва қўшимча даъво аризаси рад қилинган.

Даъвогар А.Рахманов мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, судга апелляция шикояти киритган. Ушбу шикоят Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилади, дейилади расмий баёнотда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг