Марғилондаги даҳшат. Болалар уйи бўйича суд қандай босқичда?
Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 1-меҳрибонлик уйида инсон ақли бовар қилмас жиноятлар фош этилгани, хусусан, бу ерда тарбиялаётган ўғил (!) ҳамда қизлар ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этилгани, шу муносабат билан муассаса раҳбари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берган эдик.
Таъкидлаш керакки, мазкур иш ҳозирда бутун жамоатчилик диққат марказида турибди. Бугун, 21 май куни ҳам бу ишга доир навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтмоқда. Биз мажлис олдидан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси Раҳматжон Арапов қисқа муддат суҳбатлашдик.
— Бу иш юзасидан суд жараёни бошланганига бир ойдан ошди (2018 йил 18 апрелда бошланган). Ҳозир меҳрибонлик уйининг раҳбарлари ва ходимларидан иборат 10 нафар шахснинг кўрсатмалари тинглаб бўлинди. Энди навбат жабрланганларга келди. Уларнинг ҳам кўрсатувлари тингланганидан кейин жараёнга гувоҳларни жалб қиламиз ва ниҳоят музокараларга навбат келади.
— Суд жараёни ҳозир ҳам очиқ тарзда ўтаяптими ва якуни қачонга мўлжалланган? Ҳукм ўқилишида ОАВ ходимлари ҳам иштирок этиши мумкинми?
— Мазкур иш бўйича суд жараёни очиқ тарзда ўтаётгани ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик. Мажлислар очиқ бўлиб ўтяпти. ОАВ ходимлари ҳозир ҳам, ҳукм ўқилиш жараёнида ҳам қатнашишлари мумкин.
— Жараён қачон якунланади ва айбдорларни қандай жазо кутмоқда?
— Суд якунига ва ҳукм ўқилгунга қадар кимнидир айбдор дея олмаймиз. Энди кўпчиликни суд қачон якунланиши ва судланувчилар айбдор деб топилса, қандай жазо тайинланиши қизиқтиради. Бир масалага эътибор қаратишимиз шарт — бу кўпчилик иштирокидаги анча жиддий иш ҳисобланади. Жараёнда судланувчилардан ташқари ўн нафар адвокат ҳам қатнашмоқда. Суд мажлиси одилона ўтиши учун уларнинг барчаси иштирок этиши шарт. Шунинг учун ҳам ҳозир бу иш якуни бўйича аниқ муддатни айтиб бўлмайди. Суд барча судланувчиларга нисбатан қонунда белгиланган адолатли ҳукм чиқаради.
Аввал хабар берилганидек, тергов органи томонидан собиқ директор К.Якубовга нисбатан Жиноят Кодекси (ЖК)нинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 115-моддаси (вояга етмаган шахснинг ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш), 127-моддаси (вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этиш) бўйича айб эълон қилинган.
Шунингдек, директор ўринбосари С.Усмонов, бош ҳисобчи А. Мўйдинова, ҳисобчи А.Саидкамалова, фельдшер И.Йўлдошев, тарбиячилар Х.Якубова, Р.Абдуфаттоев, Н.Солиева, энагалар Д. Жўрабоева, Х.Тўраевага нисбатан ҳам Жиноят кодексининг турли моддалари билан айб эълон қилинган.
«Хabar.uz» жараённи кузатишда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter