Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мажбурий ижро бюроси «Юлдуз Усмонова иши» бўйича маълумот берди

Мажбурий ижро бюроси «Юлдуз Усмонова иши» бўйича маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда Юлдуз Усмонованинг хорижга чиқишига чеклов қўйилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. МИБ ахборот хизмати айни пайтда суд томонидан ижро иши вақтинчалик ҳаракатдан тўхтатилгани, бунга хонанда томонидан суд қарорига нисбатан кассация шикояти берилгани сабаб бўлганини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда хонанда Юлдуз Усмоновага оид ижро иши бўйича турли хабарлар тарқалди. Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 29.10.2021 йилдаги қарздор Юлдуз Усмоновадан ундирувчи Йўлчи Рўзиев фойдасига 50 млн. сўм маънавий зарар учун компенсация, мазкур даъво ариза билан мурожаат қилишда тўланган 1 млн. 80 минг сўм миқдорида давлат божи, қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз баравари миқдорида (270.000х500=135.000.000) товон пули жами 186 млн. 80 минг сўм ва давлат фойдасига 5 млн. 400 минг сўм давлат божи ундириш тўғрисидаги ижро варақасига юзасидан қарздор Юлдуз Усмоновага нисбатан 2 та ижро иши МИБ Мирзо Улуғбек туман бўлимига 02.02.2022 йилда ижро иши юритувига келиб тушган.

Мазкур ижро варақлар юзасидан 02.02.2022 йилда давлат ижрочиси томонидан қабул қилинган “ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ижро иши талабини ихтиёрий равишда бажариш учун қарздор Юлдуз Усмоновага 10 кунлик муддат белгиланган.

Шундан сўнг, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди томонидан ижро иши вақтинчалик тўхтатилган. Ҳозирги кунга қадар ижро ҳаракатлари давом эттириш юзасидан тегишли суд томонидан кўрсатма келиб тушмаган. Ижро ишини давом эттириш ҳақида суднинг тегишли ҳужжати келиши билан ижро ҳаракатларига киришилади», дейилади Мажбурий ижро бюросининг баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, шоир Йўлчи Рўзиев Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг «Хаста бўлма» ҳамда «Севги изҳори» қўшиқлари матни муаллифи ҳисобланади. Юлдуз Усмонова «Хаста бўлма» қўшиғи матнига қалам ҳақи сифатида шоирнинг шеърий тўплами чоп этилишига кўмаклашишга ваъда берган. Бироқ Йўлчи Рўзиев бир неча йиллардан буён санъаткордан шеъри учун қалам ҳақини ололмаётганини айтганди.

Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2021 йил 29 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги учун товон пули ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъвоси қисман қаноатлантирилиб, жавобгар Юлдуз Усмоновадан шоир Йўлчи Рўзиевга маънавий зарар учун 50 млн сўм миқдорида компенсация, етказилган зарар ҳисобига базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари (135 миллион сўм) миқдорида товон пули ундириш белгиланган.

Суднинг мазкур қарори Тошкент шаҳар суди биринчи инстанция суди ҳамда Олий судда кўриб чиқилиб, ўз кучида қолдирилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг