Журналист «портлади»: суд мажлиси қачон вақтида бошланади?
Жиноят ишлари бўйича (ЖИБ) Тошкент шаҳар судида кўрилаётган бир «иш»ни кузатаётган журналист Малоҳат Йўлдошева «портлади». Унинг ижтимоий тармоқ орқали маълум қилишича, судлардаги эски муаммо ҳануз барҳам топмаган: оворагарчилик, сарсонгарчилик, журналистга «бошқача кўз» билан қараш...
«...Тошкент шаҳар судида бир процессни журналист сифатида кузатяпман, — дея ёзади журналист М. Йўлдошева. — Иштирок этишимга рухсат беришди. Лекин суратга олишга рухсат йўқ. Шунисигаям шукур. Ҳамкасбларимизнинг судлар остонасидан ноумид ва ҳайрон қайтаётган ҳолатлар шу кунлардаям рўй бериб турибди.
Суд жараёнининг иккинчи куни Тошкентдан (суд залидан) туриб, вилоятдаги гувоҳ билан видео орқали боғланилди. Айрим техник носозликларга қарамай, бу суд фаолиятидаги ютуқ.
Энг қизиғи, суд ҳайъатига раислик қилувчи менга қараб: «Ёнингизда сумкангиз борми?» деб сўрагани бўлди.
— Ҳа, — дедим.
— Ташқарига обчиқиб қўйинг. Телефон-чи?
— Бор.
— Униям обчиқинг.
Телефон масаласи — тушунарли. Бироқ сумканиям «бадарға» қилиниши қизиқ. Ҳа, майли...
Дарвоқе, суд мажлисининг биринчи куни ҳақида.
Ўша куни суд мажлиси 14:00га белгиланган эди, адашмасам. Бир соат колганида процесс 2 кун кейинга қолганини маълум қилишди. Икки кундан сўнг соат 12:00да бошланиши керак бўлган суд мажлиси соат 14:15га кўчирилганини соат 13:10да билдик...
Бир ҳафталик танаффусдан кейин эса соат 10:30даги процесс соат 16:00га кўчирилгани (соат 11:00дан ўтган сўнг!) маълум бўлди.
Судьялар залга соат 16:45да кириб келишди!
Бу нимаси?
Уларники иш-у, бизники бекорчиликми?!
Суд остонасига одамлар яхши кундан бормайди-ку?!
Шундоқ ҳам таранг асабларни баттар тортишнинг нима кераги бор?!
Мен-ку журналист эканман, судда қатнашадиганлар-чи?! Улар орасида ногиронлар бор, муҳтожлар бор. Вақт, йўл, йўлкира...
Суд биноси деворимизнинг орқасида эмас-ку?!
Журналист ҳозир бўлган суд процессида айрим судьяларнинг безовта бўлиши нимаси? Обдон сўраб-суриштириши-чи? «Нега айнан шу ишда қатнашяпсиз, бошқасида эмас?» дегандай...
— Инсонга, демакки, унинг ҳуқуқига ҳурмат (у ким бўлмасин, ҳатто маҳкум бўлса ҳам!) самимий ва тўғри муносабатдан бошланади. Ўз ташвишларини рўкач қилиб, ўзганинг вақтини елга совуриш оддий одоб меъёрларига тўғри келмайди. Суд мавқеи нафақат адолатли қарорлар чиқариш, балки одамларни ортиқча сарсон қилмаслик билан ҳам кўтарилади», — дея сўзини якунлайди журналист.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter