Жума табриги сабаб судга чақирилган шахс айбсиз деб топилди

Фарғонада телефон орқали юборган жума табриги сабаб маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилган ва судга чақирилган фуқаро айбсиз деб топилди. Бу ҳақда адвокат Беҳзодбек Ғаниев ўз каналида маълум қилди.
Иш ҳужжатларига кўра, 2023 йил 21 июль куни Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари олиб борган тадбирда Қува туманида яшовчи фуқаро Азамат Тожибоевга тегишли «Huawei» русумли телефон холислар иштирокида текширилганда телеграм орқали диний мазмундаги материалларни яқинларига тарқатиш ҳолати аниқланган. Фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 184²-моддаси билан маъмурий баённома тузилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилган.
Мазкур иш жорий йил 6 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳри судида судья А.Шералиев раислигида кўриб чиқилган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли хулосасида А.Тожибоев томонидан юборилган видео хабарнома диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи материаллар сирасига кирмаслиги кўрсатилган.
«Яхшиямки, жума табригига қўшилган видеофайл Пайғамбаримизга (с.а.в.) айтилган салавот бўлиб, экспертиза хулосасига кўра диний мазмундаги материал ҳисобланмас экан», – дея ҳолатга аниқлик киритади адвокат Б.Ғаниев.
Суд А.Тожибоевнинг ҳаракатлари МЖтКнинг 184²-моддаси билан нотўғри малакаланган дея хулосага келган. Шунга кўра, маъмурий иш тугатилган.
Суд қарорида фуқародан ашёвий далил тариқасида олинган уяли алоқаси воситаси эгасига қайтарилиши кераклиги ҳам кўрсатилган.
Адвокат Б.Ғаниев қайта-қайта огоҳлантиришларга қарамай, ҳамюртларимиз ўз жума табрикларига ҳалигача турли диний мазмундаги материалларни қўшиб жўнатишда давом этаётганига эътибор қаратган.
Бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда диний мазмундаги материаллар, жумладан, жума табригини тарқатиш мумкин эмас деган мазмунда овоза тарқалган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу асоссиз хабар экани ҳақида баёнот берган эди.
Мусулмонлар идораси, шу билан бирга, юртдошларимизга диний-маърифий мавзуда фақат расмий ва ишончли маълумотларни мутолаа қилиш ҳамда яқинларига улашиш мумкинлигини эслатиб ўтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter