Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Интернетда қимор учун жавобгарлик белгиланмоқда

Интернетда қимор учун жавобгарлик белгиланмоқда

Интернетда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев хабар бермоқда.

Депутатлар кўриб чиқаётган қонун лойиҳасига кўра, Жиноят кодексида қуйидагилар кўзда тутилмоқда:

  • Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш, ўтказиш ёки уларда иштирок этиш учун телекоммуникация тармоқлари ёхуд Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш: — БҲМнинг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади;
  • қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга ҳилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга ҳилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса: — БҲМнинг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

 Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчаларга кўра:

  • қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга ҳилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга ҳилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш: — қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни, шу жумладан уни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш воситаларини мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг юз баравари, мансабдор шахсларга эса – икки юз баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маълумот учун: ушбу ўйинлар, айниқса, «онлайн» қимор билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 55 та, 2020 йилда 86 та, 2021 йилда 103 та, 2022 йилнинг 6 ойида 90 тани ташкил этган.

Мутахассисларнинг билдиришича, бундай ўйинлар инсонда қарамликни вужудга келтириб, катта миқдордаги пул маблағлари сарфлашига ва айрим фуқароларнинг ўз жонига қасд қилиш, фирибгарлик, бюджет маблағларни талон-торож қилиш каби ҳаркатлар содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Аввалроқ «Онлайн қимор»да ютқазганлиги сабабли 2021 йилда 6 нафар ва 2022 йилнинг 6 ойида 6 нафар фуқаро ўз жонига қасд қилиб, вафот этгани хабар қилинганди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг