Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ИИВ ЖИЭББ «Шуҳрат Домбрабадский»га оид хабарларга изоҳ берди

ИИВ ЖИЭББ «Шуҳрат Домбрабадский»га оид хабарларга изоҳ берди

Фото: видеолавҳадан скриншот

Шу йилнинг 8 февраль куни ижтимоий тармоқларда «Шуҳрат Домбрабадский» номи билан машҳур маҳкум Шуҳратилла Носировга оид навбатдаги хабарлар тарқалди. Унда аввал тайинланган жазоларни керагидан ортиқ даражада ўтаб, озодликка чиққан, бироқ ўтган йилнинг куз ойида яна 4 йилга «кесилган» Ш.Носиров жазосини ижро этиш муассасасида «раскрутка» қилингани айтилади.

Тарқалган хабарларга нисбатан Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси қуйидагича муносабат билдирди: «...Маҳкум Ш.Насиров 12-сон Жазони ижро этиш колониясига жорий йилнинг 20 январь куни келтирилган. Колонияга этап орқали келтирилган барча маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2012 йилдаги 174-сонли буйруғига асосан комиссион тартибда қабул қилиниб, тўлиқ тинтувдан ўтказилади. Тинтув вақтида унинг ёнидан маҳкумлар олиб юришлари ва сақлашлари тақиқланган 1 (бир) дона «BIG» соқол олиш устараси, 1 (бир) дона «МАК-жилет» соқол олиш устараси, унинг 2 (икки) дона кассетаси ва 1 (бир) дона кесиш тиғи 2 см бўлган тамғаланмаган қайчи олинган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 111-моддасида «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этиш, шунингдек ички тартиб қоидаларида тақиқланган буюмлар ва нарсаларни сақлаш, тарқатиш, истеъмол қилиш ва улардан фойдаланиш жазони ўташ тартибини қўпол тарзда бузиш» деб ҳисобланади. Маҳкум Ш.Насиров ушбу ҳатти-ҳаракати билан мазкур тартиббузарлик содир этган.

Алоҳида қайд этиш керак, колонияга этап орқали келтирилган маҳкумларнинг ёнларида сақлашлари тақиқланган соқол олиш устаралари алоҳида сумкага солиниб, колония маъмурияти ходимлари томонидан ҳарбий хизматчилардан қабул қилиб олинади ва фақатгина алоҳида ажратилган сартарошхонада маҳкумлар фойдаланишлари учун берилади. Фойдаланиб бўлишгач, шу жойнинг ўзида махсус қулфланадиган шкафларда сақланиши таъминланади.

Маҳкум Ш.Насировга нисбатан колония маъмурияти томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-Ижроия Кодексининг 105 ва 106-моддаларига асосан колония бошлиғининг 2020 йил 23 январь кунидаги 16-сонли қарори билан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.

 Содир этилган тартиббузарлик ҳолати архивлаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддасида «Озодликдан маҳрум этиш жойида жазо муддатини ўтаётган шахснинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслиги ёхуд маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишга бошқа тўсқинлик қилиши, башарти, маҳкумга нисбатан бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карцерига ўтказиш тариқасидаги жазо қўлланилганидан сўнг ҳам такроран қўпол равишда тартиббузарлик содир этса» унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши назарда тутилган.

Лекин маҳкум Ш.Насиров колонияга келтирилганидан буён унга нисбатан карцер интизомий жазоси қўлланилмаган ва ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 221-моддасига асосан жиноят иши қўзғатишга асослар мавжуд эмас».

Хабарда қайд этилган «12 сонли ЖИЭК (Жазони ижро этиш колонияси) бошлиғига маҳкумнинг адвокати сўровнома жўнатган, аммо жавоб олмаган» жумласига ИИБ ЖИЭББ ахборот хизмати қуйидагича изоҳ келтиради: «Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳар «SIMAY KOM» Адвокатлик фирмасининг адвокати У.С.Давлатовнинг сўровномаси (2020 йил 3 февралдаги чиқиш рақами 26/01-05/1-сон) 2020 йил 5 февраль куни қабул қилиниб, колония томонидан 340-сон билан рўйхатга олинган. Унда «...маҳкум Ш.Насировга нисбатан тавсифнома ва суд ҳукми билан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини қанча қисмини ўтаганлиги тўғрисида маълумотнома бериш» сўралган. Бунга жавобан, колония маъмурияти 2020 йил 8 февраль куни адвокат У.С.Давлатовга 833-сон чиқиш рақами билан жавоб хати юборган.

Маҳкум Ш.Насиров 2020 йил 23 январда колонияга келтирилганидан буён унинг яқин қариндошлари содир этган тартиббузарлигини бекор қилишни сўраб ёки бошқа сабаблар юзасидан колония раҳбариятига мурожаат қилмаган».

Пировардида: «Колония ходимлари томонидан маҳкум Ш.Насировдан ёки унинг қариндошларидан содир этган тартиббузарлигини бекор қилиш, унга енгиллик яратиб бериш эвазига моддий манфаатдорлик талаб қилинмаган», дейилади ЖИЭББ ахборот хизмати хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг